Янгиликлар
-Навбати билан энг чекка ҳудуддаги маҳаллаларни ўрганиб, инфратузилмасини яхшилаш, обод маҳаллага айлантириш бўйича режали ишларни амалга ошириб келяпмиз,- деди Уйчи тумани ҳокими, 1-сектор раҳбари Шуҳрат Мусаев Янгиер МФЙ фуқаролари билан бўлган мулоқотда.- Янгиҳаёт, Кесканёр маҳаллаларида бошланган хайрли ишларимиз энди “Янгиер”да ҳам давом этади. Барча мутасадди ташкилотлар хонадонма хонадон ўрганиш ишларини олиб бориб, амалий кўмак беришади. Тиббий кўрик ташкил қилинади. Чорва ҳайвонлари эмланади. Шу ернинг ўзида иш ўринлари яратиш ҳаракатидан бўламиз.
Туман ҳокими шу куннинг ўзида масъул ташкилотлар раҳбарлари билан маҳалланинг “Норин” кўчасида хонадонбай ўрганишларни олиб борди. Раҳмонали Алимов янги уйлар қурган, аммо қурби етмай қурилишни охирига етказа олмаган. Туманимиз раҳбари унга амалий кўмак берилишини айтди.
Фуқаро Ҳадиса Мирзабоева хонадонида бўлиб, унинг бандлик ҳам боғча масаласидаги мурожаати ҳал қилинадиган бўлди.

Мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус доирасида ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-92-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Уйчи тумани прокурори, 2-сектор раҳбари Шерзод Раҳимов ташаббуси билан Обод маҳалласида ёшлар иштирокида “Беш ташаббус маҳаллада” шиори остида ёшлар форуми бўлиб ўтди.
Форум уюшмаган ёшлар ўртасида “Прокурор кубоги учун” футбол мусобақаси билан бошланди. “Заковат” интеллектуал ўйини, ош чемпионати, шахмат мусобақаси, расмлар танлови қизғин баҳсларга бой бўлди. Тадбир давомида ёш ихтирочи Абдулазиз Носиржонов томонидан “Ақлли автомобиль” намойиш этилди. Бу ёшларда жуда катта қизиқиш уйғотди.
Форум якунида туман ҳокимининг ўринбосари Аброр Собиров ғолиб ва фаол иштирокчиларни муносиб рағбатлантирди.

9-мактабга туман ХТБ мудири Музаффар Мўминов ташриф буюрди.
Мактаб директори А.Тошпўлатов, ЎИБДЎ О.Нажаев, ММИБДЎ А.Мамаюсупов, мактаб руҳшуноси К.Раҳмонова, Зиёкор МФЙ ёшлар етакчиси А.Эргашбоевлар иштирокида мактабнинг 11-синф ўқувчилари билан суҳбат ўтказилди. "Келажакда ким бўлмоқчисиз?" мавзусидаги суҳбатда ўқувчилар келажакда эгаллламоқчи бўлган касблари ҳақида айтиб ўтишди.
Туман ХТБ мудири Музаффар Мўминов ўз ҳаётий тажрибаларидан сўзлаб берди.

Наманган вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Адҳамжон Турғунов Уйчи туманига бориб, ҳудуднинг «Беруний» ва «Истиқлол» маҳалла фуқаролар йиғинларида жойлашган кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатаётган ХУЖМШ раислари ва "УЙЧИ МАДАД КОММУНАЛ СЕРВИС" МЧЖ БСК фаолиятини кўздан кечирди.
Ушбу БСКнинг жорий йилда амалга ошириладиган режалари билан яқиндан танишди.
Бошқарма бошлиғи Уйчи туман оғир аҳволдаги ширкатлар фаолиятини якунлаб, замонавий БСКларга бириктириш ҳамда сервис компанияларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш бўйича зарурий топшириқ ва кўрсатмалар берди. Наманган вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси Ахборот хизмати

“Хотин-қизларни эъзозлаш ҳафталиги”ни юқори савияда ташкил этиш бўйича 1,2-касб-ҳунар мактаблари ҳамда Беруний, Навоий, Шифокор, Боғ, Ҳуррият МФЙлари хотин-қизлари ўртасида “Спорт нафислик ва саломатлик манбаи” шиори остида тадбир ўтказилди.
Туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими билан ҳамкорликда спортнинг волейбол, стол тенниси ҳамда шашка тури бўйича мусобақалар ташкил этилди.
Унда Уйчи туманидаги 1 ва 2-сон касб-ҳунар мактабларида фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар, МФЙ фаоллари ўртасида ташкил этилган жамоалар ўртасида ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди.
Якунда фаол иштирокчиларни туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Ҳамидахон Бозарова қутлаб, эсдалик совғаларини топширди.







