Мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус доирасида ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-92-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Уйчи тумани прокурори, 2-сектор раҳбари Шерзод Раҳимов ташаббуси билан Обод маҳалласида ёшлар иштирокида “Беш ташаббус маҳаллада” шиори остида ёшлар форуми бўлиб ўтди.
Форум уюшмаган ёшлар ўртасида “Прокурор кубоги учун” футбол мусобақаси билан бошланди. “Заковат” интеллектуал ўйини, ош чемпионати, шахмат мусобақаси, расмлар танлови қизғин баҳсларга бой бўлди. Тадбир давомида ёш ихтирочи Абдулазиз Носиржонов томонидан “Ақлли автомобиль” намойиш этилди. Бу ёшларда жуда катта қизиқиш уйғотди.
Форум якунида туман ҳокимининг ўринбосари Аброр Собиров ғолиб ва фаол иштирокчиларни муносиб рағбатлантирди.







