Янгиликлар
Бемор операция давомида вафот этди. Марҳумнинг яқинлари буни қабул қила олмади. Улар тиббиёт ходимларини, хусусан, операцияда иштирок этган шифокорларни айблаб, прокуратурага шикоят қилди.
Тергов узоқ давом этди ва ниҳоят терговчи жарроҳлик операциясини ўтказишда жиддий қонунбузарлик бўлган ва бу қисман бўлсада беморнинг вафот этишига ҳам сабаб бўлган деган хулосага келди.
Операцияда иштирок этган шифокорлардан бири 3 йилдан ортиқ вақт декрет таътилида бўлганлиги ва декретдан чиқибоқ ўз вазифасига киришганлиги ҳамда ишга қайтгандан 2 ойдан кейин ҳозирги операцияда муҳим иштирокчи бўлгани аниқланди.
Муаммо шундаки, у бундай узоқ муддатли танаффусдан кейин қайтадан ихтисослашув курсларида ўқимасдан туриб, хизмат вазифасига киришган.
Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 502-моддасида “агар шифокорнинг мутахассислиги бўйича иш стажида уч йил ёки ундан ортиқ танаффус мавжуд бўлса (ижтимоий таътиллар, тиббиётга ихтисослашмаган мутахассисликда ишлаш, узоқ давом этган касаллик, ногиронлик ва бошқалар):
➖шифокор ўз касбий фаолиятини қайта бошлашдан олдин аввалги йилларда олинганлиги тўғрисида ҳужжат билан тасдиқланган мавжуд базавий, асосий ёки қўшимча мутахассисликка мувофиқ ихтисослашув курсларидан ўтиши шарт” дейилган эди.
Бироқ, на бу шикофор ва на тиббиёт муассасасининг раҳбарияти бу қоидаларга риоя қилиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган.
Натижада операцияда иштирок этган бу шифокор ҳам, уни асоссиз равишда жарроҳлик амалиётларига қўйган тиббиёт муассасаси раҳбари ҳам жиноий жавобгарликка тортилиб кетди.
Шокиржон Дадабоев,Уйчи туман адлия бўлими ЮХКМ бош юрисконсульти.
Ходим бўлим бошлиғига унга 10 кун иш ҳақи сақланмаган таътил кераклигини айтди. Бўлим бошлиғи кадрга мурожаат қилиши кераклигини тушунтирди. Ходим шунда иш ҳақи сақланмаган таътилга чиқиш ҳақида ариза ёздида, аризани кадрга бериб, бир нусхасига “олдим” деб имзо қўйдириб, кадр ҳай-хай дегунича уйига кетиб қолди. Эртаси куни ҳам, индин ҳам ишга келмади.
Натижада ходим МК 161-модда иккинчи қисм 5-банди билан ишдан бўшатилди. Сабаби, бир кун давомида 4 соатдан ортиқ вақт ишда бўлмаслик ташкилот Ички меҳнат тартиби қоидаларида меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол бузилиши сифатида кўрсатилган эди.
Кейин нима бўлди? Топдингиз, ходим судга берди. Судда у иш ҳақи сақланмаган таътилга кетганлиги, қўлида таътилга кетиш ҳақидаги аризанинг бир нусхаси борлиги ва унга кадрлар бўлими бошлиғи “бир нусхасини олдим” деб имзо қўйганлигини билдирди. Қўлидаги ҳужжатларни судга тақдим этиб, уни ишга тиклашни ва иш берувчидан моддий-маънавий зарарларни ундириб беришни сўради.
У бўлди, бу бўлди, 3 та суд мажлисидан кейин суд иши якунига етди. Суд ходимнинг ишга тиклаш ҳақидаги даъвосини рад қилди. Хўш, нимага?
Сабаби, Олий суд Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги "Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида"ги 26-сон қарори 38-бандига асосан иш берувчининг рухсатисиз ўзбошимчалик билан таътилга кетиш ёхуд ўзбошимчалик билан дам олиш кунлари (отгул)дан фойдаланиш ҳам узрсиз сабабларга кўра ишда бўлмаслик ҳисобланади.
Ҳақиқатдан ҳам, ходим иш ҳақи сақланмаган таътилга ариза ёзган, лекин бу ариза юзасидан таътилга кетишига иш берувчи розилик бермаган. Ходим эса, иш берувчининг расмий муносабатини ва руҳсатини кутмасдан туриб ўзбошимчалик билан таътилга кетиб қолган.
Қолаверса, МКнинг 241-моддаси биринчи қисмида ҳам бекордан-бекорга “ходимнинг ёзма аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилиши мумкин бўлиб, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади” дейилмаган.
Яъни, ходим иш ҳақи сақланмаган таътилга кетар экан, унинг муддати иш берувчи билан келишилиши шарт эди. Лекин, бу ишда ходим мазкур қоидага ҳам риоя килмаган.
Одилжон Бойхонов,Уйчи туман адлия бўлими ЮХКМ бош юрисконсульти .
Фарзанд - аввало насл давомчиси, шу билан бирга, келажак пойдеворидир. Пойдевор мустаҳкам бўлиши эса уни қай даражада мустаҳкамлигига боғлиқдир.
Уйчи тумани ИИБ бошлиғи У.Эшанов томонидан туман маданият марказида мактабларнинг юқори синф ўқувчилари ота-оналари иштирокида учрашув ўтказилди.
Унда туман ИИБ бошлиғи томонидан вояга етмаганлар жинояти ва ҳуқуқбузарликлар, узоқ муддатга ота-онаси бирининг назоратисиз чиқиб кетиш, махсус билими бўлмаган шахслардан ноқонуний диний таълим олиш, ижтимоий тармоқлардан нотўғри фойдаланиш ортидан турли ҳуқубузарликлик ва жиноятлар содир этилиши, мактаб ўқувчиларининг ўз вақтида дарс машғулотларига қатнашиши масалаларида маълумотлар бериб ўтилди.
Учрашув давомида туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими, туман ИИБ бошлиғи томонидан ота-оналарнинг таклиф ва мурожаатлари тингланди.
Ҳар бир мактаб қаршисида PTZ камералари қўйиш ишларини охирига етказиш вазифаси юклатилди.


Ҳеч қайси соҳа мамлакатни спортчалик дунёга тез машҳур қила олмайди, деган сўзларда чуқур ҳикмат бор. Спорт саломатлик, узоқ умр кўриш, билим ва тафаккур манбаидир. Шу боис ҳам мамлакатимизда унинг оммалашувига эътибор жуда катта.
Уйчи туман 1-сон спорт мактабида спортнинг эркин кураш тури бўйича бўлиб ўтган беллашувларда 2010-2012 йилларда туғилган ўсмирлар 33, 38, 41, 44, 48, 52, 57, 62, 68, +75 кг. вазн тоифаларида баҳслашдилар."Наманган вилояти прокурор кубоги" мусобақасининг туман босқичида туманнинг спортчилари қатнашиб, ўз маҳоратларини намоён этишди.
Мусобақа кескин ва муросасиз баҳсларга бой бўлди.
Ғолиблар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.



Уйчи туманидаги 8-ДМТТда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича ўқув амалий семинар ташкил этилди.
Унда тумандаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотларидан директор ўринбосарлари, рус тили фани ўқитувчилари ва тарбиячилар қатнашдилар.
Муассаса директори Шоира Эгамбердиева, директор ўринбосари Дилфуза Солоҳиддинова, психолог, дефектолог, рус тили фани ўқитувчиси, тарбиячилар, мусиқа раҳбарлари, ёрдамчи тарбиячи ва ошпазлар семинар давомида миллийликка катта аҳамият беришди. 7-8-гуруҳлар тарбиячилари, ёрдамчи тарбиячи ва тарбияланувчилари меҳмонларни миллий қўшиқ ва карнай-сурнай садолари остида, халқ ўйинларини намойиш қилиш билан қарши олишди. Муассаса ҳовлиси ва гуруҳ хоналарини безатишда ҳам миллийликка эътибор қаратилди. Рус тили фани ўқитувчиси Дилдора Темирова "Погода" мавзусида мужассамланган машғулот, тарбиячилар Маъмура Абдуваҳобова "Қушларни парвариш қиламиз", Муштарий Нуриддинова тасвирий фаолиятда "Камалак жилоси", Ҳабиба Абдуллаева саводхонликка ўргатиш фаолиятида "Ж" товуши ва ҳарфи", Муҳайё Сиддиқова элементар математика фаолиятида "Доира ва овал шаклларни фарқлаш", Соҳиба Бойдедаева, Муаззам Исроилова, Умида Бобамирзаева "Яшил рангнинг саргузаштлари" мавзуларида очиқ машғулотлар ўтишди. Муассаса ҳовлисида тарбиячилар томонидан қўл меҳнати билан тайёрланган кўргазмалар жой олди.Айниқса, катта тарбиячи Раҳимахон Юнусова томонидан тайёрланган кўргазмалар меҳмонларга манзур бўлди.
Семинарда туман ММТБ мактабгача шўъба раҳбари М.Солиева сўзга чиқиб, муассаса фаолиятига юқори баҳо берди ва ташкилотчиларга миннатдорчилик билдирди.








