Уйчи туман ҳокимлигида ташкилотлар раҳбарлари, МФЙ раислари, хотин-қизлар фаоллари, ҳоким ёрдамчилари иштирокида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими, туман маънавият ва маърифат кенгаши раиси Ш.Мусаев сўзга чиқиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш, маънавий-маърифий ишларнинг самараси ва таъсирчанлигини ошириш, кўлами ва миқёсини янада кенгайтириш мақсадида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берди.

Вилоятдаги тижорат банклари томонидан Уйчи тумани ҳудудидаги тадбиркорлик субъектлари иштирокида бугунги кунда банклардаги мавжуд хорижий кредит линиялари бўйича тақдимот ўтказилди. Унда хорижий кредит линиялари имконияти, иқтисодиётнинг турли соҳаларида лойиҳаларни молиялаштириш шартлари хусусида маълумотлар тақдим этилди.

Хусусан, вилоятдаги тижорат банклари вакиллари Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Хитой тараққиёт банки, Корея Эксимбанки, Германиянинг бир қатор банкларининг кредит линияси орқали очилувчи имкониятлар ва шароитлар ҳақида батафсил маълумот беришди.

Учрашувда хорижий кредит линияларидан фойдаланиш истагида бўлган ишбилармонлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олдилар.

Тадбирда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Абдуҳамидов иштирок этди.

Уйчи туманидаги 27-сонли ДМТТ дефектологи Наталя Жўраева бир неча йилдирки, мазкур муассасада болалар нутқидаги нуқсонларни бартараф этиш юзасидан иш олиб бормоқда.

Ёш болалар ривожланиб борар экан, уларнинг товуши, талаффузи ҳам шаклланади, ҳар қандай бола биринчи сўзни ноаниқ, баъзи товушларни ўрнига бошқасини қўллаб, илк бора атрофдагиларга мурожаат қилади. Кундан-кунга тўғри нутқни ўзлаштирган бола меъёрида 4-5 ёшга етганда тўлиқ ривожланган ҳисобланади. Боланинг нутқи тўғри ривожланиши учун нафас, артикуляцион машқлар ва майда қўл маторикаси машқларидан фойдаланилади. МТТда тарбияланаётган болалардан логопедик текширув ўтказиб, нутқида нуқсони бор болалар билан якка тартибда олиб борилаётган  машғулотлар самара бермоқда.

Н.Жўраеванинг фидойи меҳнатлари муносиб эътироф этилиб, унга “Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони берилди.

Маҳмуда ҚАҲҲОРОВА,27-ДМТТ директори.

Уйчи тумани Бўстон МФЙда жойлашган “Yorqo'rg'on chorva fayz" МЧЖда қишлов намунали ўтмоқда. Ҳозирда бу ерда 100 бош швиц браун зотли қорамоли парваришланмоқда.

-32 бош зотли қорамолни 2018 йили Австриядан келтирганмиз,-дейди жамият раҳбари Носиржон Риззабоев. -Бир кунда 450- 500 кг. гача сут соғиб  оламиз. Бир бош соғин сигиримиз 20-25 кг. гача сут беради. Айни вақтда йилқичиликни ҳам йўлга қўйдик.

-“Yorqo'rg'on chorva fayz" МЧЖ вилоятимизда энг намунали чорвалардан,-дейди Бўстон МФЙ ҳоким ёрдамчиси Жасурбек Тўхтабоев. -Ўтган йили мазкур  жамият Наманган 1-халқаро зотдор ҳайвонлар ва паррандалар кўргазмасида «Энг зотдор новвос» номинацияси бўйича фахрли 1-ўрин ва 30 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритган.

Жорий  йилги режалар ҳам улкан. 32 бош зотдор швиц браун қорамолидан олиб келиниши мўнжалланмоқда.

«Биз бугунги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб бераяптими?» - Ш.Мирзиёев

Уйчи туманидаги 36-мактабда юқори синф ўқувчилари учун «Жадидлар ғоялари янги Ўзбекистон стратегияси билан ҳамоҳангдир» мазусида маънавият соати ташкил этилди.

Унда Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси бош мутахассиси Д.Абдиқахаров, “Усмон Носир” нашриёти директори, ёзувчи ва шоир А.Жўраев, шоира М.Қирғизовалар қатнашишди.

Маънавият соати давомида жадидчилик келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар, ушбу ташаббускорлар пайдо бўлган тарихий шароит, жадидлар ғояси ва ҳаракатининг мақсади ҳақида кенг тушунчалар берилди.

Қизиқарли савол-жавоб ғолиблари ҳамда фаол ўқувчиларга китоблар тақдим этилди. Ўтказилган маънавият соатини мактаб маъмурияти бевосита кузатиб бордилар. Тадбир сўнгида муассаса директори Н.Зокирова маърузачиларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

Подкатегории