Янгиликлар
Дастлаб Ёркатай кичик саноат зонасида фаолиятини бошлаган “Terry jar tikuv” цехида амалга оширилган янги лойиҳа кўрилди. Бу цехда текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 100 та янги иш ўрни яратилган. Кейинги босқичда яна 100 та иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Беруний МФЙ ҳудудидаги “Adonis trading textile” МЧЖ ташкил топганига олти йил бўлди. Корхонада дастлаб нотўқима маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди. Маҳсулот асосан Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилинади. Корхона йилига 2 миллион погонометр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.
Жорий йилда қўшимча резинка маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи ҳам ишга туширилди. Тўқув жиҳозлари Хитойдан келтирилган бўлиб, маҳсулот ички бозорга етказиб берилади. Кунига 30 минг метр маҳсулот тайёрланмоқда. Бу ерда 8 та янги иш ўрин яратилган.
Айни вақтда корхонада сунъий толали синтетик ип ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бунинг учун алоҳида цех биноси қурилди. Қўшимча яна 10 та ишчи ўрни яратилиши кўзда тутилган. Шунда доимий иш ўринлари сони етмиштага боради.
Вилоят ҳокими ҳар икки корхонада тадбиркорлар режалари билан танишиб, ишловчиларга яратилган шарт-шароитларни ҳам ўрганди.

Навбатдаги манзил 4-сектордаги Навоий маҳалласида бунёд этилган тураржой бинолари бўлди. Бу ерда пудратчи "Файзиобод қурилиш сервис" хусусий корхонаси томонидан 1 та 4 йўлакли, 8 қаватли 112 хонадондан иборат кўп қаватли уй-жойлар қурилиши якунланмоқда. Эътиборли томони, замонавий лифт ҳам ўрнатилган. Мазкур кўп қаватли хонадонлар яқин кунларда ўз эгаларига топширилади.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Беруний МФЙдаги кўп қаватли уйларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ҳам ўрганиб, маҳалла еттилиги ва фуқаролар билан суҳбатлашди. Мутасаддиларга куз-қиш мавсумини муваффақиятли ўтказиш бўйича топшириқлар берди, йўл, ободонлаштириш ишларига эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Гулбоғ МФЙ ҳудудида хусусий тадбиркор Воҳиджон Исмоилов чорвачилик йўналишида фаолият олиб бориб, 80 бош бўрдоқи қорамол, 30 бош наслли қўчқор парваришламоқда. Олди қорамоли 700-800 килогача тош босади. Бир йилда 100 тоннадан ортиқ тирик вазнда гўшт етиштириш имконияти мавжуд.
Озиқ-овқат хавфсизлиги, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида шу ернинг ўзида “Ровот соф савдо” МЧЖ томонидан сиғими 500 тонналик музлатгич омборида 80 тонна сабзи, 40 тонна картошка захираси яратилган.
Янгиер МФЙдаги “Қизилравот” фермер хўжалигида 60 бош новвос, 75 минг бош бедана парваришланмоқда. Кунига 30 минг дона тухум олиняпти. Тадбиркор Р.Ёқуббоев қорамоллар сонини 100 бошга, беданани 100 минг бошга етказиш ҳаракатида.

Уйчи туман ҳокимлигида айни шу мавзуда навбатдаги очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти кичик мажлислар залида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда тумандаги ижтимоий соҳа объектларининг мавсумга тайёргарлиги ҳақида сўз борди.
Туман ҳокимининг ўринбосарлари А.Ғафуров, А.Собиров куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати бўйича маълумот бердилар. Маълумотга кўра, ижтимоий соҳа объектларига 5181 тонна кўмир жамғарилиши кўзда тутилган бўлиб, амалда 5096 тоннага етказилди. Барча объектларда аниқланган муаммолар бартараф этиб борилмоқда.
Шунингдек, тиббиёт, мактабгача ва мактаб таълими, маданият, спорт соҳаси масъулларининг ахборотлари тингланди.
Очиқ мулоқотда қатнашган ОАВ ҳамда блогерлар вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Тумандаги якка-ёлғиз ва ногиронлиги бўлган шахслар хонадонларида кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш бўйича 2024 йил куз мавсумида 1000 туп мевали, манзарали дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилиши режалаштирилган.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида туман “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида ўтказилган тадбирда марказ раҳбари бошчилигида барча ходимлар ва ижтимоий ходимлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Ушбу тадбир давомида 600 туп кўчат экилди. Ташкилот ҳовлисида “Яшил боғ” яратилиб, 30 туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Тумандаги 140 нафар якка-ёлғиз хонадонига 260 туп, яъни манзарали ва мевали дарахт кўчати ўтқазиб берилди.






