"Интизом ойлиги" доирасида Наманган вилояти Уйчи тумани ИИБ ходимлари ҳамда уларнинг ота-оналари иштирокида учрашув ташкил этилди.Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2022 йил 7 июнь кунги “Ички ишлар органлари шахсий таркиби ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилишини мустаҳкамлаш “Интизом ойлиги”ни ўтказиш тўғрисида”ги 135-сонли фармойиши асосида туман ИИБ раҳбарияти ва ходимлари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбирда ИИО ходимларига ҳамда оила аъзоларига яратилаётган имкониятлар, шу билан бирга ходимлар томонидан ваколатдан четга чиқиш ҳолатлари тўғрисида гапирилиб, бу борада жиддий иш ташкил этиш лозимлиги таъкидланди.

Тадбир якунида вазифасига сидқидилдан ёндашиб хизмат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила-аъзоларига ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари тарқатилди.

Мазкур тадбирда туман ИИБ бошлиғи Фурқат Мирзаев иштирок этди.

Уйчи туманидаги 1-сонли касб-ҳунар мактабини жорий йилда 338 нафар ўқувчи олтита йўналиш бўйича тамомламоқда. Уларнинг аксарияти олий таълимда ўқишни давом эттириш истагида. Битирувчилардан Билолбек Раҳматуллаев корейс тилини ўрганиб, муддатидан аввал талаба бўлиш бахтига мушарраф бўлди.

Бугун туман ҳокими Шуҳрат Мусаев, туман ИИб бошлиғи Фурқат Мирзаев битирувчи ёшлар вакиллари билан учрашдилар. Уларнинг орзу ва мақсадлари, режалари билан танишдилар. Ёшларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтардилар.

☀️Yoz fasli kelishi bilan bolalarning sevimli maskani bo‘lmish oromgoh barcha bolajonlarni o‘z bag‘riga chorlaydi. Kuni kecha Uychi tuman Sardorlar Kengashi tomonidan tumandagi "Umid nihollari" bolalar oromgohida jajji bolajonlarning vaqtlarini mazmunli o‘tkazish maqsadida "Yoshlar oqshomi" tashkil etildi. Dastur davomida turli xil ko‘ngilochar o‘yinlar, sport musobaqalari hamda savol-javob viktorinalari bo‘lib o‘tdi.

🌈Tuman sardorlari tomonidan tayyorlangan raqslarga oromgohdagi bolajonlar ham qo‘shilib, miriqib dam olishdi.

✅Tadbir so‘ngida faol ishtirok etgan bolajonlar O'zbekiston Yoshlar Ittifoqi Uychi tuman Kengashining tashakkurnomalari bilan taqdirlandilar.

Бош қомусимиз — мамлакатимиз Конституциясининг 13-моддасига кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Мазкур конституциявий тамойил амалдаги қонунларимизда ҳам ўзининг теран ифодасини топган.

 

Хусусан, қонунларимизда инсон шаъни ва қадр-қимматига қарши содир этилган жиноятлар учун тегишли жавобгарлик белгиланган. Масалан, Жиноят кодексининг 135-140-моддаларини ўз ичига олган «Шахснинг озодлиги, шаъни ва қадр-қимматига қарши жиноятлар» дея номланган VI боби ҳам бу фикримизни яққол тасдиқлайди.

Энг асосийси, судлар томонидан бундай оғир қилмишларни содир этган шахсларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги таъминланмоқда.

Шу ўринда фикримизни ҳаётий мисоллар асосида давом эттирсак, Норин туманида яшаган Бобир Шарипов (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2011 йил март ойининг бошларида Балиқчи туманида яшайдиган ҳамтовоғи С.Шаропов (у жиноят ишлари бўйича Бўз тумани судининг 2014 йил 11 ноябрдаги ҳукми билан қонуний жазога тортилган) билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда одам савдоси жиноятини содир этишади.

Гап шундаки, аввалига С.Шаропов Балиқчи туманида яшовчи таниши Д. Розиқовни, 2011 йил апрель ойининг ўрталарида А. Назаров, А. Умматов ва О. Зокировни алдаб, хорижий давлатга олиб боради. Мақсад — улардан арзон ишчи кучи сифатида фойдаланиш эди.

— Ҳар ойда катта миқдорда иш ҳақи оласизлар. Турар жой ва озиқ-овқат текин, — дея у ёлғон ваъда беради.

Аммо С.Шаропов хорижий давлатга етиб келгач, тўрттала йигитнинг ҳам фуқаролик паспортини олиб қўяди ҳамда уларни оғир шароитда яшаш ва ишлашга мажбур қилади. Бунинг устига у Д. Розиқовнинг 2 706 200 сўм, А. Назаровнинг 7 000 000 сўм, О. Зокировнинг 7 171 430 сўм миқдоридаги иш ҳақини бермай ўзининг шахсий эҳтиёжига сарфлаб юборади. Устига-устак, уларнинг фуқаролик паспортини ҳам қайтариб бермайди. Кейинчалик эса, Л.Вафоев жабрланувчиларни қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, бошқа манзилга бошлаб боради. Аммо у ҳам худди ҳамтовоғи С.Шаропов сингари жабрланувчиларни ишлатиб, иш ҳақини бермайди.

Бундан ташқари Л.Вафоев ҳамтовоғи С.Шаропов билан яна жиноий тил бириктириб, 2011 йил июль ойига қадар Балиқчи туманида яшовчи У. Кенжаев, Б. Пўлатов, У. Назаров, М. Тешабоев, А. Комилов, Б. Комилов, И. Солиев, Х. Тўраев, М. Жўраев, М. Абдумуталов, М. Расулов, Э. Мамараҳимов, М. Болтабоев, Ф. Исмонов, Х. Кенжаев, А. Розиқовдан ҳам арзон ишчи кучи сифатида фойдаланади. Яъни уларни ҳам қоп-қоп ваъдалар бериб, алдаган кўйи хорижга олиб боради. Сўнгра уларнинг фуқаролик паспортини олиб қўйиб, оғир ишларни бажаришга мажбур қилади. Қолаверса, уларнинг 63 миллион 283 минг сўмлик иш ҳақини ўзининг ҳамёнига уради. Л.Вафоев жиноий шериги С.Шароповнинг укаси И. Солиевни ҳам аяб ўтирмайди.

— Мен сизларни сотиб олганман, — дейди Л.Вафоев. — Шунинг учун ишлашга мажбурсизлар…

Охир-оқибат жабрланувчилар оғир қийинчилик ва машаққатларни бошдан кечириб, яхши инсонларнинг кўмаги билан ўз уйларига қайтишга муваффақ бўлишади. Шундан сўнг улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилишади. Бинобарин, ушбу ҳолат бўйича ўша пайтдаёқ жиноят иши қўзғатилади. Лекин Л.Вафоев хориждан қайтмагани боис унга нисбатан қидирув эълон қилинади. Бундан 5 йил муқаддам унга нисбатан қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Жорий йилнинг 13 январь куни у қамоққа олинди.

Яқинда Л.Вафоевга оид жиноят иши судда кўриб чиқилиб, суд Л.Вафоевни Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “б”, “д”, “е”, “и” бандлари билан айбдор деб топди ва қонуний жазо тайинлади. Шунингдек, суд ҳукмида Бобир Шариповдан жабрланувчиларга етказилган моддий зарарларни ундириш ҳам белгиланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳар бир иш бўйича адолатни юзага чиқариш инсонпарварлик сиёсатига асосланган жамиятнинг ягона талабидир.

Кези келганда яна бир ҳолатни эътироф этиш жоиз. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси туфайли мамлакатимизнинг барча ҳудудларида саноат, хизмат кўрсатиш ва аграр соҳаларда янгидан-янги лойиҳалар амалга жорий этилмоқда. Қолаверса, ҳар бир оилага қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун ер майдони ажратиб берилмоқда. Натижада минглаб янги иш ўринлари яратилиб, аҳолининг доимий бандлиги таъминланмоқда. Энг қувонарлиси, бу эзгу саъй-ҳаракатлар юртдошларимизнинг хорижга иш излаб кетишига барҳам бериб, одам савдосидек аянчли жиноятларнинг олдини олмоқда.

 

Бахтиёр Обидов,

жиноят ишлари бўйича Уйчи туман суди раиси.

Сурат Дониёров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўтган йилнинг 24 август куни дўсти Ўктам Мадазимов билан бирга ўзи ўқитувчи бўлиб ишлайдиган 5-умумий ўрта таълим мактабига боради. Улар мактабда ўрнатилган Wi-Fi тармоғига уланиб, IMO дастури орқали хорижда ишлаётган дўстлари билан мулоқот қилишади.

 

Айни шу пайтда мактаб рўпарасидаги хонадонда яшайдиган Шукрулло Адҳамжонов уларнинг автомашинасига ўтириб олади. Бу ҳам етмагандек, у дабдурустдан С. Дониёровга буйруқ беради:

— Мени машинангда туман марказига олиб бориб қўясан!

Табиийки, С. Дониёровнинг бундан жаҳли чиқади.

— Аввало сенсирама, ҳар ҳолда мендан кичкинасан. Шунинг учун муомалангни тўғрилаб ол, — дейди у.

Аммо Шукрулло бунга парво ҳам қилмай қўпол муомаласини яна давом эттиради.

Бундан С. Дониёров баттар тутақиб кетди ва Ш. Адҳамжоновнинг юзига қандай тарсаки туширганини ўзи ҳам билмай қолди. Шунда Шукрулло пайпоғининг ичида яшириб қўйган қайирма пичоқни олиб, С. Дониёровнинг кўкрагига санчди. Кутилмаганда аянчли фожиа рўй берди. С. Дониёров тиғ зарбидан инграганча ерга қулади. Яхшиямки, Ўктам Мадазимов оғир жароҳат олган дўстини шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига олиб борди.

Шифокорлар томонидан ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам туфайли С. Дониёровнинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Табиийки, Ш. Адҳамжоновга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича туман судининг ҳукмига асосан у Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми «л» банди билан айбдор деб топилди ва муайян муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Ш. Адҳамжонов муқаддам уч марта жиноятга қўл урган ва қонуний жазога тортилган. Бироқ у бундан ўзига тегишли хулоса чиқармай тўртинчи маротаба жиноят кўчасига қадам босди. Аниқроғи, инсон ҳаёти учун хафли бўлган зўравонлик жиноятига қўл урди.

Унинг қилмишидан тўғри хулоса чиқармагани бу гал анча қимматга тушди.

Зеро, жиноятга жазо муқаррардир.

 

Бахтиёр Обидов,

жиноят ишлари бўйича Уйчи туман суди раиси

Подкатегории