Янгиликлар
Кейинги пайтда интернет тармоқлари орқали ўйналадиган турли қимор ўйинлари иродаси суст, узоқни кўра олмайдиган айрим кимсаларни ўз домига тортиб бормоқда. Буни қўйида рўй берган мудҳиш воқеа ҳам яққол тасдиқлайди.
Оилали, икки нафар фарзандли Умар Нишонов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ташкилотда иш юритувчи вазифасида ишлаган. У интернет тармоғидаги қимор ўйинларини ўйнаб, даставвал муайян миқдорда пул ютган. Кейинчалик ютқаза бошлаган. Аммо «ютқазган курашга тўймас» деганларидек, у яна қимор ўйнашда давом этаверган. Натижада юз миллион сўмдан зиёд қарз бўлиб қолган. Ўйиндан четлаштирилган Умар қарзни узиш учун бошқалардан яна қарз олган. Шу тариқа қарз ботқоғига ботган Умар қаттиқ тушкунликка тушган.
Бу орада қарз берганлар пулни қайтаришни талаб қила бошлайди. Бундан тинчи бузилган Умар топармон-тутармон қўшнисининг пулига кўз тикади. У нажот йўли сифатида «ўғирлик»ни танлайди.
Умар кундуз куни одам бўлмаслигини билгани учун қўшнисининг уйига орқа эшикдан кириб, пул сақланадиган сейфни оча бошлайди. Бироқ шу пайт кутилмаганда хонага қўшнисининг келини кириб келади. Унинг кўзи Умарга тушгач, ундан бу ерда нима қилаётганини сўрайди. Сири фош бўлганини сезган Умар ой-куни яқин бўлган келинчакка ташланади ва унга пичоқ санчади. Оғир жароҳат олган келинчак шу заҳотиёқ ҳаётдан кўз юмади.
Энг ёмони, унинг вужудидаги фарзанди ҳам ёвузлик қурбонига айланди.
Шу тариқа бир иллат янада оғир оқибатли бошқа иллатларни келтириб чиқарди.
Инсон ўзига берилган ҳар бир имкониятни эзгулик ва яхшилик йўлида сарфлаганда, дунёда қабоҳатга ўрин қолмаган бўларди. Афсуски, баъзан амалда бунинг тескариси рўй беради. Оқибатда эса, оғир жиноятлар содир этилади.
Бирваракайига икки инсоннинг умрига зомин бўлган Умар ҳам умрини нопок ишларга сарфлади. Аввалига қимор ўйинига муккасидан кетди.
Оқибатда қарзга ботди, бундан қутулиш учун эса, янада мудҳиш жиноятга қўл урди.
Суд эндигина 30 ёшни қаршилаган Умарга нисбатан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, қимор ўйинлари азалдан қораланган.
Муқаддас ислом динида ҳам қимор ўйнаш ман этилган. Шу боис ёшларни қимордек жирканч ўйин гирдобига тушиб қолмаслиги учун барча бирдек курашиши зарур. Ана шундагина бундай иллатларнинг олди олинади.
Бахтиёр Обидов,
жиноят ишлари бўйича Уйчи туман суди раиси
Сохиба Ботирова (исм-шарифлар ўзгартирилган) нафақа ёшига етган, фарзандларини уйли-жойли қилиб, невараларини суядиган вақтида жиноят содир этиб, эл-юрт олдида юзи шувут бўлди.
Ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишни мақсад қилиб, шу режа асосида иш юритиб келган С.Ботирова 2021 йил 1 февраль куни “Ёшлик” маҳалласида жойлашган савдо дўконига бориб, сотувчига ўғли заводда, турмуш ўртоғи нуфузли компанияда ишлашини маълум қилиб, унинг ишончини қозонган. Сўнгра у “Атлант 2808” русумли музлатгични тўрт миллион икки юз минг сўмга савдолашиб, шундан бир миллион сўмни бериб, қолганини уч-тўрт кун ичида тўлаб беришини айтиб, музлатгични олиб кетган. Бироқ, орадан анча вақт ўтса-да, келишилган пулни бермаган.
С.Ботирова жиноий ҳаракатларини яна давом эттириб, 2021 йилнинг март ойида Косон туманида яшовчи Маҳфират Тожиеванинг ишончига кириб, унинг ўн уч миллион беш юз минг сўмлик тилла тақинчоқларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Афсуски, С.Ботирова бу билан ҳам чекланмаган. У эски таниши Норхол Шукурованинг тикувчилик цехида кўрпа-тўшак тайёрлаётганидан хабар топади. Шундан сўнг Н. Шукурованинг ишончига кириб, унга қизи тўй қилаётгани, шу боис унга кўрпа-тўшаклар кераклигини билдирган.
Соддадил тикувчи унинг ёлғон гапларига учиб, уч ярим миллион сўмлик кўрпа-тўшак ҳамда бир миллион олти юз минг сўмлик матоларни С.Ботировага берган. Фирибгар эса осон қўлга киритилган буюмларни бошқаларга сотиб, пулини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Халқимизда “Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади”, деган ҳикматли нақл бор. Сохиба Ботированинг фирибгарлиги ҳам шундай якун топди. Жабрланувчиларнинг аризасига асосан унга нисбатан жиноят иши очилди. Дастлабки тергов чоғида ва суд тергови давомида С.Ботированинг жиноий қилмишлари ўз исботини топди. Суд амалдаги Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисмига асосан С.Ботировага уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Шу тариқа ёшларга ўрнак бўлиш ёшидаги жиноятчи умрининг маълум қисмини қамоқда ўтайдиган бўлди.
Бахтиёр Обидов,
жиноят ишлари бўйича Уйчи туман суди раиси
Хорижий кинофильмларда сейфларни ўмариш саҳнаси кўп бора тасвирга олинган. Ҳам қизиқарли, ҳам кулгили бўлган бундай фильмларда талончилар мўмай даромадга эга бўлиш учун нималар қилишмайди дейсиз?!Бир қатор фильмларда қинғир ишга қўл урган жиноятчиларнинг қандай фош этилгани ҳақида ҳикоя қилинади. Албатта, ҳаёт кинофильмлардан фарқ қилади. Лекин ҳаётда баъзан айни фильм эпизодларига ўхшаш жиноятлар ҳам учраб туради.Яқинда жиноят ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилган қуйидаги жиноят иши бунинг ёрқин мисоли.Акмал Баротов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ана шундай филмларни кўп кўрган шекилли, 2020 йил 27 ноябрда тунги пайт банк хизматлари офиси биноси ёнида жойлашган банкоматлар ичидаги пулни ўғирлашни кўзлади. У банкоматнинг паст қисмида жойлашган металл эшикни очиб, унинг ичида турган пул солинган қопни куч билан суғуриб олади.Акмал уйга келиб, қопдаги пулни санаганда, 87 миллион 178 минг сўм экани маълум бўлади. У таниши Нодирадан яқинда бўлиб ўтадиган никоҳ тўйи учун 60 миллион қарз олган эди. Ўғри қарзини қайтариб, қолган пулни тўй харажатларига ишлатиб юборади.Оила аталмиш муқаддас даргоҳнинг пойдеворини қаллоблик орқали қурган Акмал жиноий ҳаракатларини яна давом эттиради. У жиноий режасига мувофиқ шу йилнинг 9 январь куни тунда юзига қора ниқоб тақиб, банк банкоматини ўмаришга киришади. Дастлаб банкомат жойлашган хонага кириб, ёритгич чироқларини ўчиради, электр симларни узиб, банкоматнинг металл эшикларини очишга ҳаракат қилади. Аммо бу гал бунинг уддасидан чиқолмайди.Нафси ҳакалак отган Акмал орадан тўрт кун ўтгач, бошқа банк банкоматини ўмармоқчи бўлади. Махсус кесувчи ускуна ёрдамида банкоматнинг темир эшигини қирқа бошлайди. Бироқ шу пайт кўчадан нотаниш киши ўтиб қолади ва ускунанинг овозини эшитиб, Акмалдан нима иш қилаётганини сўрайди.Бундан саросимага тушган жиноятчи қочишга уринади. Орадан кўп ўтмай ички ишлар бўлими ходимлари томонидан қўлга олинган Акмалга нисбатан жиноят иши очилади.Ҳа, ҳаёт кино эмас. Ҳаётда ўйламай босилган ҳар бир қадамга жавоб беришга тўғри келади. Акмал ҳам содир этган жинояти учун қонун олдида жавоб берди. Суд унга нисбатан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади.
Бахтиёр ОБИДОВ,жиноят ишлари бўйича Уйчи туман суди раиси.
Бугун Уйчи туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида бўш иш ўринларининг навбатдаги "Меҳнат ярмаркаси" бўлиб ўтди.
Уйчи тумани ҳокимлиги ҳамда туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу "Меҳнат ярмаркаси"да 17 та ташкилот, муассаса, тадбиркорлик субъектларидан 859 та бўш иш ўрни қўйилди. 35 нафар фуқаро ишга жойлашди, 15 нафари касбга ўқитишга жалб қилинди, 30 нафар фуқарога йўлланма,, 25 нафар фуқарога турли йўналишлар бўйича маслаҳатлар берилди.
Туманда 2022 йилнинг баҳор ойларида жами 755 мингдан ортиқроқ мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазилган эди. Ҳар бир экилган кўчатларни суғориш тизими назоратга олиниб, доимо суғорилиб, парвариш қилинмоқда.
Маҳалла ҳудудида ҳамда туман марказида ўтқазилган кўчатларни махсус техника воситаси орқали суғориш ишлари олиб борилмоқда.






