Янгиликлар
Уйчи туманидаги 5-мактаб энг серқатнов йўлда – Уйчи – Учқўрғон автомагистраль йўл бўйида жойлашган.
Автотранспорт воситаларининг юқори тезликда ҳаракатланиши ота-оналарни доимий хавотирга солар эди. Маҳалла нуронийлари ва фаолларининг ташаббуси ҳамда ҳомийлиги билан бошланган хайрли иш бугун ниҳоясига етди - мактабга киравериш йўлига замонавий кўчма светафор ўрнатилди.
Тадбирда ТИИБ ЙҲХГ, Хизиробод МФЙ фаоллари, кекса авлод вакиллари қатнашиб, йўл қоидаси умр фойдаси эканини таъкидлашди. Ўқувчилар билан мулоқот давомида йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш узоқ умр ва саломатлик гарови эканлиги яна бир бор уқтирилди.

Уйчи туман Экология бўлими ходимлари томонидан белгиланмаган жойларга чиқинди ташланишининг олдини олиш бўйича рейд тадбири ташкил этилди.
Туманнинг Қумтепа, Гулистон ва Бўстон маҳаллалари ҳудудларидан оқиб ўтувчи Норин дарёси қирғоқ минтақасида ўтказилган тадбирда фуқаролар томонидан дарё қирғоғига турли хил чиқиндиларни ташлаш ҳолатлари аниқланмоқда.
Айни вақтда уч нафар фуқаро Норин дарёсининг Қумтепа маҳалласидан оқиб ўтган қисмининг қирғоқ минтақасига чиқинди ташлаётгани аниқланиб, ҳолат бўйича МЖтКнинг 91-1-моддаси бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилмоқда.
Наманган вилояти Экология бошқармаси матбуот хизмати.

3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Уйчи туманидаги 34-мактаб жамоаси томонидан йўқлов ташкил этилди.
Моҳиржон Низамов раҳбарлигидаги жамоа якка тартибда таҳсил олувчи ўқувчилар хонадонига ташриф буюрди. Улар билан дилдан суҳбат қурилиб, байрам совғалари туҳфа этилиши ўқувчи ва ота-оналарнинг кўнглини тоғдек кўтарди.
Дарҳақиқат, меҳр-оқибат, ўзаро бағрикенглик, саховат кўрсатиш каби эзгу фазилатлар халқимизга хосдир. Бундай қадриятларимиз байрам ва махсус саналарда кенг қулоч ёзиб, янгича мазмун билан бўй кўрсатаётгани алоҳида эътирофга сазовордир.
Адҳамжон ҚАҲҲАРОВ, ММИБД ўринбосари.
Шу йил 27-30 ноябрь кунлари дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакати Россиянинг Саратов шаҳрида UNIFIGHT бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этди. Мазкур спорт тури Mix йўналишларидан бири саналади. Ушбу мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этди. Наманган фарзанди, уйчилик Нодирбек Худойбердиев Layt (кураш) йўналишда катталар ўртасида 90 кг. вазнда фахрли 🥉-ўринни қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, Нодирбек Абдуллаевич Худойбердиев ҳозирда Тошкент шаҳридаги Oriental университетининг жисмоний маданият факультети декани. У Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси Oriental университети кенгашининг тавсиясига кўра “Жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари назарияси ва методикаси” ихтисослиги бўйича доцент. Унинг мақолалари ва ўндан ортиқ тезислари миллий ва халқаро илмий журналларда чоп этилган.

Уйчи туманида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ИИБ ходимлари томонидан кўчат экиш акцияси ўтказилди.
Лойиҳа доирасида кўчат экиш акцияси туман ИИБ биносида ташкил этилди. Тадбирда ИИБ бошлиғи У.Эшанов, ўринбосарлар, соҳавий хизматлар ва профилактика инспекторлари қатнашдилар.
Экилган кўчатлар узоқ йиллар давомида юртимиз кўркига кўрк қўшиши, ранг-баранг гуллар инсонлар учун хушкафият улашишига хизмат қилиши таъкидланди.
"Яшил макон" лойиҳаси доирасидаги тадбирлар маҳаллалар ва ИИБ ходимлари хизмат уйларида ҳам ташкил этилди. Бугунги тадбирда 125 туп павлония, 45 туп манзарали, 120 туп мевали дарахт, 250 туп гул кўчатлари ўтқазилди.







