Янгиликлар
Уйчи туманидаги 26- сонли ДМТТда "Салом, мактаб, хайр, боғча!" шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди. Уни ташкилот директори Гулчеҳра Мўйдинова очди ва барчани байрам билан табриклади. Жорий йилда муассасанинг 123 нафар тарбияланувчиси катта шижоатлар билан илм маскани сари йўл олмоқда. Тарбиячилар Шарифа Бойматова, Ойимхон Аббосовалар қўл остида тарбияланган болажонлар ҳар томонлама соғлом ва бийрон бўлиб ўсишди. Тадбир давомида болажонлар томонидан айтилган шеър, қўшиқ ва рақслар барча меҳмонлар, ота-оналар кўнглини бирдек ҳушнуд айлади.
Уйчи тумани марказий ММТПда ғалла ўрим-йиғимига тайёргарликка бағишланган семинар ўтказилди.
Жорий йилда туманда 6385 гектар майдонда ғалла парваришланяпти. Етиштирилган ҳосилни тез ва сифатли йиғиштириб олиш учун 20 та отряд ташкил этилиб, 20 та ўрим комбайни бириктирилди, кўчма уйлар ташкил этилди. Шунингдек, ҳар бир ўрим комбайнига 5 донадан жами 100 та дон ташиш машинаси бириктирилди.
Мавсумолди тайёргарлик олдидан ўтказилган семинарда вилоят ҳокимининг ўринбосари Анваржон Ҳакимов, вилоят прокуратураси, ИИБ бошлиғи ўринбосари, туман сектор раҳбарлари ҳамда соҳага дахлдор масъуллар иштирок этдилар. Техникаларнинг тайёргарлиги кўздан кечирилди ва зарур тавсиялар берилди.
Наманганда 63-Халқаро гуллар фестивали давом этмоқда.
Бугун уйчилик фахрийлар “Нуроний” жамғармаси туман бўлими бошлиғи Тоҳиржон Исматиллаев бошчилигида Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғида бўлишди. Улар турфа хил гуллар ҳамда композицияларни томоша қилиб, завқланишди.
БЎЛАЖАК ҲАРБИЙЛАР БИЛАН УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ
“Нуроний” жамғармаси Уйчи туман бўлими томонидан ташкил этилган навбатдаги “Уч авлод учрашуви” 23-мактаб қошидаги “Наманган қалқон махсус гуруҳ” НТМ курсантлари билан бўлди.
“Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев, туман ҳарбий фахрийлар кенгаши раиси ўринбосари Неъматилла Бойматов, Чортоқ тумани ҳарбий фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги подполковник Мирзараҳмон Бекмирзаев, 23-мактаб директори Рустамжон Отажонов, фахрийлар вакиллари иштирокидаги самимий суҳбат ёшларда ҳарбий ватанпарварлик, юртга садоқат ва муҳаббат туйғуларини жўш урдирди.
Тадбир якунида самарали ҳамкорлик учун муассаса раҳбари Саодатхон Эгамовага “Нуроний” жамғармаси туман бўлимининг “Ташаккурнома”си топширилди.
Бир ҳукмдор котибининг саводсизлигими ёки хатоси туфайли бир бегуноҳ киши отилиб кетгани ҳақида биласизми? "Казнить нельзя, помиловать!" (Қатл этилмасин, шафқат қилинсин!) деган буйруқни котиб ёзув машинкасида ёзаётиб биргина вергулнинг ўрнини алмаштириб юборади. Натижада, "Казнить, нельзя помиловать!" (Қатл этилсин, шафқат қилинмасин!) деб ёзади... ___Бугун ижтимоий тармоқ ҳатто ўз исм-шарифиниям эплаб ёза олмайдиган кимсалар билан тўлиб-тошган. Айрим постлар ва комментарийларни кўриб, рости кўнглинг айнийди. Айрим блогерлар эълон қилаётган матнлардаги хатолардан гапирсангиз, "Ҳозирги замонда сурат, видео гапиради, матн охирги ўринда!", деган ўта "донишмандона" ва "файласуфона" ибораларни ишлатишади.
Бир пайтлар саводсиз одам саводли кишининг олдида ҳаддини билиб, хато қилса мулзам бўлиб ўтирган. Энди-чи, саводсизлик гўёки фахр-ифтихор рамзига айлангандек. Гапирасан, танқид қиласан, аммо кўпчиган сутдек ошиб-тошиб кетаяптики, асло камаймаяпти.
Шундай қусурларимиз авж олиб, ривожланиб турган бир пайтда тилимизга, маънавиятимизга болта ураётгандекмиз. Театрлардан, газета-журналлардан, кутубхоналардан узоқлашяпмиз. "Маънавият керак эмас, интернет бор!" деб айюҳаннос солаяпмиз. "Матбуот, ТВ, радио, театр керакмас, улар қорнимизни тўйдирмайди!" дейдиган бўлдик. Биз қачондан бери қоринга алоқаси бўлмаган бошқа масалалар устига қора чизиқ тортадиган бўлиб қолдик? Ётиб емоқлик ва семирмоқлик қайғуси фақат ҳайвонларга берилган эмасми? Инсон тафаккур қилиш учун, билим олиш учун ва бешикдан то қабрга қадар илмини бойитиш учун яратилмаганми?
Бепул тўгаракларнинг аҳволи хароб. Боланинг қизиқиши билан ота-онанинг иши йўқ. Бола текин адабиёт ёки санъат тўгарагидан олиб, пуллик спорт тўгарагига қўйиляпти. Лекин унинг спортга рағбати йўқ. Мактабда тарғиботчи бўлиб ишлаганимда, шу нарсаларга гувоҳ бўлганман. Ҳамма фарзандининг келажакда топарман-тутарман бўлишини истайди. Бироқ билимда ва тафаккурда, хат-саводда мукаммал бўлган авлод нафақат ота-онаси, балки мамлакат эртаси учун муҳим эканлигини ҳамма ҳам тушуниб етмаяпти.
Битта вергулга беписанд қараганлар – ўйинчоқ деб ўйлаб атом бомбаси тугмасини босган болага ўхшашади.
Ҳамзабек ТУРДИЕВ






