Бир ҳукмдор котибининг саводсизлигими ёки хатоси туфайли бир бегуноҳ киши отилиб кетгани ҳақида биласизми? "Казнить нельзя, помиловать!" (Қатл этилмасин, шафқат қилинсин!) деган буйруқни котиб ёзув машинкасида ёзаётиб биргина вергулнинг ўрнини алмаштириб юборади. Натижада, "Казнить, нельзя помиловать!" (Қатл этилсин, шафқат қилинмасин!) деб ёзади... ___Бугун ижтимоий тармоқ ҳатто ўз исм-шарифиниям эплаб ёза олмайдиган кимсалар билан тўлиб-тошган. Айрим постлар ва комментарийларни кўриб, рости кўнглинг айнийди. Айрим блогерлар эълон қилаётган матнлардаги хатолардан гапирсангиз, "Ҳозирги замонда сурат, видео гапиради, матн охирги ўринда!", деган ўта "донишмандона" ва "файласуфона" ибораларни ишлатишади.
Бир пайтлар саводсиз одам саводли кишининг олдида ҳаддини билиб, хато қилса мулзам бўлиб ўтирган. Энди-чи, саводсизлик гўёки фахр-ифтихор рамзига айлангандек. Гапирасан, танқид қиласан, аммо кўпчиган сутдек ошиб-тошиб кетаяптики, асло камаймаяпти.
Шундай қусурларимиз авж олиб, ривожланиб турган бир пайтда тилимизга, маънавиятимизга болта ураётгандекмиз. Театрлардан, газета-журналлардан, кутубхоналардан узоқлашяпмиз. "Маънавият керак эмас, интернет бор!" деб айюҳаннос солаяпмиз. "Матбуот, ТВ, радио, театр керакмас, улар қорнимизни тўйдирмайди!" дейдиган бўлдик. Биз қачондан бери қоринга алоқаси бўлмаган бошқа масалалар устига қора чизиқ тортадиган бўлиб қолдик? Ётиб емоқлик ва семирмоқлик қайғуси фақат ҳайвонларга берилган эмасми? Инсон тафаккур қилиш учун, билим олиш учун ва бешикдан то қабрга қадар илмини бойитиш учун яратилмаганми?
Бепул тўгаракларнинг аҳволи хароб. Боланинг қизиқиши билан ота-онанинг иши йўқ. Бола текин адабиёт ёки санъат тўгарагидан олиб, пуллик спорт тўгарагига қўйиляпти. Лекин унинг спортга рағбати йўқ. Мактабда тарғиботчи бўлиб ишлаганимда, шу нарсаларга гувоҳ бўлганман. Ҳамма фарзандининг келажакда топарман-тутарман бўлишини истайди. Бироқ билимда ва тафаккурда, хат-саводда мукаммал бўлган авлод нафақат ота-онаси, балки мамлакат эртаси учун муҳим эканлигини ҳамма ҳам тушуниб етмаяпти.
Битта вергулга беписанд қараганлар – ўйинчоқ деб ўйлаб атом бомбаси тугмасини босган болага ўхшашади.
Ҳамзабек ТУРДИЕВ






