Янгиликлар
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг мажлислар залида Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг 2024 йил якунларига бағишланган тантанали тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирни Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров кириш сўзи билан бошлаб, ортда қолган 2024 йил белбоғли кураш спорти учун юксак натижалар ва муваффақиятларга бой йил бўлганлигини эътироф этди.
Маросимда белбоғли кураш федерацияси томонидан турли номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Унга кўра, "Йилнинг энг яхши мураббийи" номинацияси бўйича ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Бахтиёр Турғунпўлатов, "Йилнинг энг яхши спортчиси" номинациясида ўғил болалар ўртасида Жамолиддин Неъматуллаев (Уйчи тумани) қўлга киритишди. "Спорт соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун" номинацияси ғолиби деб Аҳмаджон Маллабоев (Наманган) эълон қилинди.
Ғолибларни қутлаймиз!
Ижтимоий тармоқда ёритилган “Деҳқон бозори” ҳудудидаги савдогарларнинг мурожаати бўйича
Кейинги вақтда туман маркази – Боғ МФЙ ҳудудида (“Макро” супермаркетидан то "Деҳқон бозори"гача бўлган йўл турли савдо расталари, ноқонуний қурилмалар билан тўлиб, фавқулодда ҳолат талабларига жавоб бермай қолган эди.
Бир неча кундирки, ишчи гуруҳи томонидан юқоридаги ҳолат назоратга олинган.
Мурожаатлардан келиб чиқиб, мавжуд пиёда қатнов йўлакчаларида ноқонуний савдо хизмати кўрсатилишининг олдини олиш, тадбиркорлар ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш, транспорт воситалари ҳаракатланишини тартибга солиш, пиёдалар ҳаракатланиши, аҳолига савдо хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш ва “Яшил макон” ҳудудини ташкил этиш чоралари белгиланган. Айни шу мақсадда халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида ушбу масала атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилиниши режалаштирилганлиги ва ҳолат назоратга олинганлигини билдирамиз.
Уйчи тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.
Уйчи тумани маркази, "Макро" супермаркетидан то "Деҳқон бозори"гача бўлган йўлларни тартибга келтириш ишлари давом этмоқда. Турли савдо расталари, ноқонуний қурилмаларни ўрнатмаслик ишчи гуруҳи томонидан қатъий назоратга олинган.
Йўловчилар, кенг жамоатчилик бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, миннатдорчилик билдирмоқда. Туман марказидаги жоме масжиди атрофи ҳам назорат қилинмоқда.
Вилоят Кенгаши депутати, туман ҳокимининг маслаҳатчиси Т.Исматиллаев, нуронийлар жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳам бевосита иштирок этиб, жамоатчилик назоратини ўрнатишмоқда.
Уйчи туманида туман фермер хўжаликлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, Республика Пахта селекцияси уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтидан Ш.Абуалимов, вилоят агрохизматлар маркази директори О.Каримходжаев, Наманган илмий тажриба станцияси раҳбари Х.Ҳожиматов ва илмий ходимлари томонидан 2025 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар учун хорижий чигит экиш ва агротехник тадбирларнинг бажарилиши бўйича ўқув семинари ташкил этилди.
📝Семинарда 2025 йилда хорижий пахта навлари, хусусан, кўсак вурти ва гербицидларга чидамли (BT) булган Xin Lu Zao 78 навининг хусусиятлари, афзалликлари, ҳосилдорликни ошириш, экиш учун талаб этиладиган 76 см ва 76×10 см схемаларга мослашган сеялкаларни олиб келиш, 76×10 см схемага қўшқатор усулда плёнка остига томчилатиб сугюғориш технологиясини жорий қилган ҳолда экиш, культиватор, бошқа техникаларни ушбу схемаларга мослаш бўйича керакли тавсиялар берилди.
💬Йиғилиш якунида саволларга жавоб қайтарилди.
Ижтимоий тармоқларда "Эрталабдан Уйчи тумани Аллаариқда тирбандлик юзага келди" мавзусида тарқалган хабар бўйича
Ҳақиқатдан ҳам, 2024 йили 4Р-116 автомобиль йўлининг 13-16 км. қисмида Тепасарой, Янгичек, Навоий, Беруний, Боғ, Ҳуррият, Гулбоғ МФЙлари ҳудудига 3 км. Д-630 мм.ли ичимлик суви тармоғи тортиш ишлари пудратчи «Бинокор Бунёд сервис» МЧЖ томонидан амалга оширилган. Тармоқ тортилган ер майдонида тупроқ қатламини мустаҳкамлаш ишлари ҳали якунига етказилмаган. Хавфсизлик нуқтаи назаридан чуқурлар тўлдирилиб, биринчи босқичда асфальтлаш ишлари амалга оширилган. Оғир махсус автотранспорт воситаларининг ҳаракати чоғида ер чўкиши ҳолати юзага келган. Бу йўлларда тирбандликка сабаб бўлган. Келгусида 2,3-босқичларда иш олиб борилиши, тўлиқ асфальт қилиниши режалаштирилган.
Айни вақтда туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан юзага келган носозликларни бартараф этиш ишлари олиб борилаётганлигини билдирамиз.
Уйчи тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.






