Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасига кўра, оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланади ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгадир.
Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлариданоқ хотин-қизларни ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар томонлама таъминлаш ҳамда уларнинг ижтимоий муҳофазаси давлат сиёсатининг устивор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Бу борада жуда кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар қатори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги “Хотин қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги №3-сонли Қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга асосан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқланди.Тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиши тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқланди. Ушбу низом ички ишлар органлари томонидан тазйиқ ва (ёки) зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини, шунингдек тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларга ҳимоя ордерининг нусхасини бериш тартибини белгилайди. Низомда қайд этилишича, ҳимоя ордери ушбу Низомга мувофиқ серия ва рақамга эга бўлган, қатъий ҳисоби юритиладиган ҳужжат ҳисобланади.Қуйидагилар ҳимоя ордерини бериш учун асос ҳисобланади: Яъни, тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати; жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар; тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши; давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар.Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ва ташкилотлар жабрланган хотин-қизлар бўйича маълумотга эга бўлгач, ушбу Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклдаги хабарномани дарҳол ички ишлар органларига тақдим этади ҳамда хабарнома қонун ҳужжатларига мувофиқ ички ишлар органлари навбатчилик қисмидаги дафтарда қайд этилади. Тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида ҳабар берган шахслар ва тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўриқланади.Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмида белгиланган тартибда қайд этилган мурожаатлар ва хабарлар дарҳол профилактика инспекторига тақдим этилади. Жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирлари амалга оширилади. Профилактика инспектори мурожаат ва хабарларни ўрганиш якуни бўйича: тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари аниқланган тақдирда — ҳимоя ордерини расмийлаштиради ҳамда зўравонлик содир этган шахсларга ҳимоя ордери берилганлиги тўғрисида жабрланувчининг розилиги билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, шунингдек, бошқа тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотларни хабардор қилади.Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари аниқланмаган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли чораларни белгилайди ҳамда бу ҳақда фуқаролар йиғини раиси, котиби, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис иштирокида далолатномани расмийлаштиради.Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят белгилари аниқланган тақдирда — ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш билан бир вақтда иш материалларини жиноий жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборилади.
Ўн саккиз ёшга тўлмаган жабрланувчиларнинг ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги аризаси уларнинг қонуний вакили ёки васийлик ва ҳомийлик органининг вакили иштирокида кўриб чиқилади. Шахс ҳимоя ордерини олишни ва уни имзолашни рад этганда, профилактика инспектори холислар иштирокида далолатнома тузади ҳамда уни ушбу хатти-ҳаракатни давом эттирган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши тўғрисида расмий огоҳлантиради ва бу ҳақда жабрланувчини хабардор қилади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозим-ки, ҳимоя ордери ўттиз кун муддатгача берилади ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради.
Б.Касимов,Фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг раиси






