Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши таъминланмоқда ҳамда уларнинг ривожланиши учун шароит яратилиб, бу борадаги ишлар жадал равишда амалга оширилмоқда.Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги қонунан мустаҳкамлаб қўйилди.Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдирлар. Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.Конституциямизга назар солсак, унинг 7-боби шахсий ҳуқуқ ва эркинликларга бағишланган бўлиб, унга кўра, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи ҳисобланади. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир. Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас.Асосий қонунимизнинг 27-моддасида ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга-деб белгиланган.Ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас.Шунингдек, ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.

Асосий Қонуннинг 9-бобида фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳақида сўз юритилиб, унга кўра, ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли. Банкка қўйилган омонатлар сир тутилиши ва мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади. Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир. Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.Бундан ташқари, Конституциянинг 11-боби фуқароларнинг бурчларига бағишланган бўлиб, унга мувофиқ, барча фуқаролар Конституцияда белгилаб қўйилган бурчларини бажарадилар.Яъни, фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга, Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга, атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга, шунингдек қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар.

Б.Касимов,Фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг раиси