Уйчи тумани санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги бўлими Шифокор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида озиқ-овқат маҳсулотларидан оммавий заҳарланишлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича туман ФВДқТ функционал қуйи тизимининг тегишли раҳбар органлари, куч ва воситалари, тумандаги ташкилот, бирлашма, умумий ўрта таълим мактаблари раҳбарлари, ҳамширалар, туман тиббиёт бирлашмаси ходимларини жалб қилган ҳолда кўргазмали махсус-тактик ўқув машқини ўтказди. Ўтказилган тадбирдан кўзланган асосий мақсад овқатдан заҳарланиш билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, оқибатларини бартараф этишда ҳамкорликдаги ҳаракатларни амалда синаш ҳамда бундай вазиятларда тезкорлик билан қарор қабул қилиб, фуқаролар ҳаётини сақлаб қолиш учун барча чораларни олдиндан белгилаш. Овқатдан заҳарланиш билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш учун фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун зарур бўлган дори-дармон ҳамда касалликка қарши профилактик зардоблар заҳирасини яратиш. Ўқув машқи икки босқичда ўтказилиб, биринчи боқич – назарий семинар тартибида ўтказилди, унда туман СЭО ва ЖСБнинг йиғилишлар залида овқатдан заҳарланиш ҳамда ботулизм касаллигининг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар, касалланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий усуллари тўғрисида мутахассисларнинг фикрлари тингланди.Иккинчи босқич амалий тарзда ўтказилиб, Шифокор маҳалла фуқаролар йиғини Беруний кўчаси 2-уйда овқатдан заҳарланишга гумон қилинган шартли бемор, фуқаро А.Т. хонадонида касаллик юзасидан санитария-эпидемиологик суриштирув ишлари ўтказиш, хонадонда овқатдан заҳарланиш ҳодисасига сабаб бўлган озиқ-овқат маҳсулотига аниқлик киритиш ва лабораторияга текширишга намуналар олиш, касаллик келтириб чиқариши мумкин бўлган бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига аниқлик киритиш, мазкур маҳсулотлар истеъмолини тақиқлаб, белгиланган тартибда йўқ қилиниши амалий тартибда кўрсатиб берилди. Хонадонда аниқланган истеъмолга яроқсиз деб топилган мариновка маҳсулоти тўкиб, зарарсизлантириш йўли билан йўқ қилиниши бўйича тушунчалар берилди.Беруний кўчаси ҳудудида фаолият олиб бораётган “Якка шотут” хусусий корхонасига қарашли умумий овқатланиш шахобчасида овқатдан заҳарланиш ҳолатлари келиб чиқишининг олдини олиш учун нималарга эътибор қаратилиши лозимлиги, сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланмаслик ҳамда овқат тайёрлаш технологияларига қатъий амал қилиниши юзасидан тушунчалар берилди.Туман тиббиёт бирлашмасининг қабулхона бўлимларида овқатдан заҳарланишга гумон қилинган беморларни қабул қилиш, бирламчи ва даволаш бўйича тиббий хизматлар кўрсатиш, мазкур ҳолатларда фойдаланиладиган ботулизмга қарши профилактик зардоблар юбориш тартиблари амалий кўрсатилди.






