Саматова Наргиза Гавситдиновна,

Уйчи туман ФҲДЁ бўлими 1 тоифали инспектори

Оила – муқаддас қўрғон. Азалдан шундай бўлиб келган. Қўрғоннинг пойдевори эса никоҳдир. Турмуш тарзимизда никоҳ деганда, ҳам қонунан ҳам шаръан никоҳларни тушунамиз. Ўрнатилган тартиблар бўйича ёш келин-куёвлар аввал қонуний кейин шаръий никоҳланади. Бундан икки томоннинг ҳотиржамлиги таъминланади. Айниқса, оналар қизларини ёмон кўзлардан асраб-авайлаб, чиройли таълим-тарбия бериб, бировнинг уйига беҳавотир никоҳдан ўтказиб, юборишлари одатларимизга айланган. Қизини турмушга узатган ота ва онанинг бахти ҳам шу, аслида. Борган хонадонида тинч-тотув яшаши, қонуний ҳуқуқлари таъминланишидан манфаатдор ота ва она қувончи, келгусида фарзандларининг камолини ва давомчиларини кўришдир.

Қайсики оила қонуний никоҳ асосига қурилар экан, ана шу оилада барака, умрбоқийлик, таҳликасиз соғлом ҳаёт тарзи ташкил топади. Туғилажак фарзандларининг ҳам ҳуқуқлари тўлиқ таъминланади. Акси бўлса, сарсонгарчилик, ҳуқуқсизлик, ҳафагарчиликлар келиб чиқади. Буни иш амалиётида гувоҳи бўлаётирмиз.

Бугунги кунда Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш бўлимимизга тез-тез аёлларнинг фарзанди учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси олиш бўйича мурожаат қилиб келиши учрамоқда. Аммо улардан туғилишни қайд этиш учун керакли ҳужжатларни сўраганимизда, фақат онанинг ўз паспорти ва бола туғилганлиги хақидаги туғруқхонадан берилган маълумотнома борлигини маълум қилмоқда. Турмуш ўртоғини ва никоҳ гувоҳномаси сўралганида эса, қонуний никоҳдан ўтмаганлигини ҳамда эри узоқ сафарда эканини айтади. Шунингдек, турмуш ўртоғини яқин орада келолмаслиги маълум қилиши ачинарли ҳолат.

Бу каби ҳолатларда фарзандининг туғилиши ёлғиз она аризасига кўра қайд этилишини, болага отанинг фамилиясини бериб бўлмаслиги айтилса, оналар ҳафа бўлиб, йиғлашга тушади. Минг пушаймонлар қилиб, оила қонунчилигини билиш қанчалар зарурлигини қайта-қайта таъкидламоқдалар. Ҳақиқатдан ҳам қонунни билмаслик бу каби кўнгилсизликлардан қутқара олмайди. Бугунги кунда ёшларимиз мана шуни яхши тушуниб етиши керак.

Оила кодексининг моддаларига ва ФҲДЁ бўлимларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги Йўриқноманинг талабларига асосан бола конуний никоҳда турган онадан туғилганида, унинг ота-онаси тўғрисидаги ёзув тўғридан-тўғри ота-онанинг шахсини тасдиқловчи хужжатлари ва никоҳ гувоҳномаси асосида ёзилади. Аксинча бўлса, яъни, ота-она ўзаро қонуний никоҳда бўлмасалар, ота-онанинг оталикни белгилаш тўғрисидаги биргаликда берган аризасига биноан гувоҳнома ёзилади. Агар ота-она ўз вақтида қонуний никоҳдан ўтганларида эди, бундай оворагарчиликларсиз никоҳ гувоҳномаси асосида боланинг туғилишини қайд этиш мумкин бўларди. Бу эса ФҲДЁ бўлимлари олдидаги энг оғриқли муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.

Бинобарин, биз маҳаллаларга чиқиб, қонуний никоҳнинг афзаллиги ҳақида тушунтиришларимизга қарамай, бу муаммо давом этиб келмоқда. Демак, таълим муассасаларида юқори (10-11-синф) синфлари учун “Оила қонунчилиги”, “Оила психологияси”, “Рўзғор илми” бўйича махсус фанлар ўтилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу билан ёшлар онгида қонуний никоҳнинг афзалликлари, оилавий муаммоларни ҳал этишда шошмашошарликка йўл қўймаслик зарурлиги сингдирилади. Айниқса, ўзбек халқининг тарих синовларидан ўтган азалий оила қадриятлари, никоҳнинг муқаддас эканлиги ва уни асраб-авайлаш лозимлиги, оилада эр-хотин сабр-тоқатли, иродали бўлиши ҳақида ёшларга кенг тушунтирилса, келгусида қуриладиган оилалар мустаҳкамлиги таъминлашга эришиларди.

Дейлик, айрим оилаларда арзимас сабаб ва важларни рўкач қилиб, шоша-пиша ажрашиш тўғрисидаги қарорга келаётган ёшларимиз, уларни тўғри йўлга сола олмаётган катта авлод вакиллари барчамизни ташвишга солади. Айниқса, бугунги кунда оилавий ажримларда томонлар маҳалла масъулларини аралашишини истамайди. Ўзидан соҳта ориятни ясаб олиб, ниқобланувчилар ҳам борлиги сир эмас, албатта. Натижада мазкур оилага маҳалланинг канвойилари насиҳат қила олмаслиги, арзимас сабаблар билан оилавий ажримлари ортиб бораётганини оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилаётган маълумотлардан кўряпмиз. Шу сабабли, суд томонидан кўрилаётган оилавий ажримларнинг суд жараёнлари маҳалларда сайёр суд шаклида ўтказилиши ҳам ана шу маҳалладаги ажрашиш арафасида турган оилаларни сақлаб қолишига хизмат қилар эди.

Оқибатидан жабр кўраётган ё отасиз ё онасиз яшашга маҳкум бўлаётган фарзандларнинг ижтимоий-маънавий соғлом яшаш тарзи ўзгараётганидан қалбимиз оғрийди. Эшикдан отаси ёки онасини кириб келишини кутаётган болаларнинг ҳолати кўз олдимизга келар экан, беиҳтиёр “сен етим эмассан” дегимиз келади. Оиладаги нотўлиқлик муҳитида улғаётган норасидаларнинг қувончли кўзларини маюслантирмайлик...

Хулоса қилиб айтганда, оилалардаги, жамиятимиздаги барқарорлик, тотувликни таъминлашга барчамиз бирдек масъулмиз. Бу масалада сансоларлик қилаётган ҳар бир масъул кўз олдига, болаларнинг меҳрга муҳтож бўлиб, йўлга қараётганини унутмасликлари лозим.