2-умумтаълим мактаби ташкил этилганига 100 йил тўлди. Шу муносабат билан зиё масканига устоз-муаллимлар, ота-оналар, ушбу даргоҳда таҳсил олиб, айни пайтда жамият ҳаётининг турли жабҳаларида фаолият юритаётган собиқ битирувчилар ҳамда жамоатчилик вакиллари ташриф буюрдилар.1922 йилда қурилган мактабда ҳозирда 1067 нафар ўғил-қиз таҳсил олади. 68 нафар педагог ёш авлоднинг порлоқ келажаги йўлида камарбаста. Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев вилоят ҳокимининг табригини ўқиб эшиттириб, жамоада узоқ йиллардан буён самарали фаолият кўрсатиб келаётган фидоий устозларни муборакбод этди. Шунингдек, Уйчи тумани ҳокими Шуҳрат Мусаев, Поп тумани ҳокими, мактабнинг собиқ ўқувчиси Аъзамжон Султонов, шоир Зиёвиддин Мансуров, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш туман бўлими бошлиғининг маслаҳатчиси Тоҳиржон Исматиллаев самимий тилаклар билдиришди. Шодиёна мактабнинг истеъдодли ва иқтидорли ўқувчилари томонидан ижро этилган куй-қўшиқ, рақслар билан янада тантанавор тус олди. Таниқли хонанда Хуршид Расулов, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Дўстлик” ордени соҳибаси Меҳри Абдуллаева, туман маданият бўлими хонандалари ижросидаги қўшиқлар барчага хушнудлик бағишлади.






