Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзолари Атхам Назирқулов, Шерзод Қулматов, Урол Ўразбоев Уйчи туманида бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг “Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонунининг19,20 ҳамда 22-24-моддалари бажарилиши, шунингдек 2022 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича дастурларнинг ижро этилиши ҳолатини ўрганишди.

Дастлаб туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази фаолияти билан танишилди. Иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмаси шакллантирилганлиги ҳамда давлат буюртмасига мувофиқ иш ўринлари ташкил этилганлиги ҳолатлари ўрганилиб, маълумотлар асосида таҳлил қилинди.

Уйчи туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан 2-сонли касб-ҳунар мактабида ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида қисқа муддатли ўқитиш курси очилган. Мазкур курсда уч ой давомида 18 ёшдан 45 ёшгача ишсиз бўлган фуқаролар ўқиб, сертификатга эга бўлишади. Ҳозирда компьютер технологияси ва пайвандлаш курслари ҳам очилиши режалаштирилган. Туман бўйича йил якунига қадар 960 нафар ишсиз фуқаролар ўқитилиши режалаштирилган, ҳозиргача 648 нафари битириб, сертификатларни олди. 2-сонли касб-ҳунар мактабида асосан тикувчилик йўналишидаги курсларда 118 нафар фуқаро ўқиб, сертификатга эга бўлди. Уларнинг аксарияти МФЙ ҳоким ёрдамчилари томонидан йўналиши бўйича субсидияларга эга бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзолари мазкур касб-ҳунар мактабида бўлиб, яратилган шарт-шароитлар билан танишишди ва курс тингловчилари билан суҳбатлашишди.

Уйчи туманини 2021-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш инвестиция дастурига мувофиқ “Баркас Текс” МЧЖнинг “Ип калава маҳсулотлари ишлаб чиқариш” лойиҳаси инвестиция дастурига киритилган.

2021-2022 йилларда қайта модернизация қилиш учун корхона томонидан 63,0 млрд.сўм, ташаббускорнинг ўз маблағи ҳисобидан Германия ва Туркия давлатларидан янги 5,5 млн.долларлик замонавий пахта толасидан ип йигириш дастгоҳ-ускуналари олиб келиниб ўрнатилди.

Натижада тумандаги 300 нафар ишсиз ёшлар ва аёллар иш билан таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоларининг мазкур корхона фаолияти ва унинг истиқболдаги режалари билан танишдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзолари Уйчи туманини ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Янгиер МФЙ ҳудудида жойлашган “Ideal oil trade” МЧЖда бўлишди.

Мазкур корхона томонидан ёғ-мой комбинати ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. 6 гектар майдонни эгаллаган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллион доллар бўлиб, комбинат тўлиқ ишга тушганда йилига 86 минг тонна техник пахта чигити, 62 минг тонна кунгабоқар уруғи ҳамда 72 минг тонна соя донини қайта ишлаш қувватига эга бўлади. 5 минг тонна переэтерификацияланган қаттиқ мой МДҲ давлатларига, 10 минг тонна юқори протеинли шрот экспорт қилиш имконияти яратилади. Корхонада 600 та ишчи ўринлари яратилади.

Ҳозирда “Аёллар дафтари”, “ Темир дафтар”га киритилган ишсиз хотин-қизлардан 25 нафарининг бандлиги таъминланди. Қўшимча цех фаолияти йўлга қўйилса, яна 25 нафар хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзолари Уйчи туманининг 2-сектори ҳудудида жойлашган Ёркатай кичик саноат зонасида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, яратилаётган янги иш ўринлари билан танишиб, юқори баҳо бердилар.

Мазкур саноат зонасида умумий қиймати 115 млрд. сўмлик 26 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Сув, электр, йўл масаласидаги муаммолар бартараф этилди. Бу ерда 861 та янги иш ўрни яратилади.