Уйчи туманида қабристонларда гўр қазиш ва маросим хизматлари бўйича гўрковлар ҳамда маросим хизматларини бажарувчи ходимлар таъминоти учун аҳоли томонидан тўланадиган пуллик хизматлар тарифини белгилаш тўғрисида.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 9 мартдаги 59-сонли қарори билан тасдиқланган "Замонавий архитектура-шаҳарсозлик талабларини ҳисобга олган ҳолда аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этиш қоидалари"нинг 42-банди, 2011 йил 4 апрелдаги 101-сонли қарори билан тасдиқланган "Дафн этиш жойларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 8, 14-бандларига асосан, "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонунининг 6, 25-моддаларига мувофиқ,
ҚАРОР ҚИЛАМАН:
1. Уйчи туман ободонлаштириш бошқармасининг 2022 йил 10 августдаги 01-10-63-сонли хати маълумот ва асос учун қабул қилинсин.
2. Уйчи туманидаги қабристонларда гўр қазиш бўйича гўрковлар таъминоти учун аҳоли томонидан тўланадиган пуллик хизматлар тарифи миқдори қуйидагича этиб белгилансин:
- 16 ёшгача бўлган бир нафар бола учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 17,5 фоизи;
- 16 ёшдан катта бўлган бир нафар шахс учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 фоизи.
Барча ишлаб турган қабристонларда дафн этиш учун жой (участка) бепул ажратилади.
3. Уйчи туман ободонлаштириш бошқармаси:
- қабристонларда гўр қазиш бўйича гўрковлар ва маросим хизматларини бажарувчи ходимлар таъминоти учун аҳоли томонидан тўланадиган пуллик хизматлар тарифи миқдорига қатъий риоя этилишини;
- ушбу маблағлар тегишли равишда гўрковлар ва маросим хизматларини бажарувчи ходимлар таъминоти учун ишлатилишини;
- мазкур пуллик хизматлар тарифи миқдорини аҳолига етказилишини ва тўғри тушунтирилишини таъминласин.
4. Мазкур қарор "Уйчинома" газетасида эълон қилинсин ҳамда ҳокимликнинг расмий веб-сайти (uychi.uz)га жойлаштирилсин.
5. Мазкур қарор расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
6. Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати мазкур қарорни оммавий ахборот воситаларида расман эълон қилиш ва ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштириш чораларини кўрсин.
7. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Уйчи тумани ҳокимининг 2014 йил 26 августдаги 743-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Мазкур қарордан норози шахслар судга ёки юқори турувчи идораларга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
9. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари А.Ғофуров зиммасига юклатилсин.
Туман ҳокими Ш. Мусаев
Уйчи шаҳарчаси,
2022 йил 29 август.






