Уйчи тумани 2-сектор ҳудудида жойлашган 3-мактаб инвестиция дастури асосида ўзгача чирой очиб, замонавий қиёфа касб этди. Мазкур масканнинг умумий лойиҳа қиймати 9 миллиард 456 млн. 65 минг сўм бўлиб, “Бунёдкор Мубошер” МЧЖ томонидан Мустақиллик байрами арафасида туҳфа қилинди.
Бугун мактаб янги биносининг тантанали очилиш маросими бўлди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев, туман ҳокими Шуҳрат Мусаев ҳамда сектор раҳбарлари иштирок этишди.
1928 йилда ташкил топган мазкур маскан бундан ўн йил олдин дастурга тушган эди. Кейинги йилларда ўқувчилар икки сменада, 2,3 коээфицентда ўқиб, анча қийинчиликлар келиб чиқаётган эди. Мана, бугун ана шу заҳматлар ортда қолди. Мактабнинг юзга яқин жамоаси ва 1650 нафар ўқувчиси Мустақиллик байрами арафасида жорий ўқув йилини янги масканда бошламоқда. Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, мактабнинг ҳар бир синф хоналари ўқувчилар кайфиятини кўтарувчи ранглар билан, кимё, биология, физика хоналари жиҳозлар, информатика хонаси эса замонавий интерактив доскалар, компьютерлар билан жиҳозланади.
Мактаб учун 420 ўринли уч қаватли қўшимча бино қурилди. Аввал технология хоналари, ошхона, кутубхона, замонавий лабораториялар йўқ эди. Энди буларнинг барчаси ўқувчилар ихтиёрида.






