Уйчи туманидаги умумтаълим мактабларида жорий ўқув йилида 40800 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади.Улардан 2935 нафарини босқичма босқич ҳомийлар кўмагида мактаб формаси билан таъминлаш кўзда тутилган. Биринчи навбатда кам таъминланган, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган оила фарзандларидан 599 нафарига мактаб формасини етказиб бериш режалаштирилган. Ҳозирга қадар 200 нафари ана шундай имкониятдан баҳраманд бўлди.
Бугун туман ҳокимлигида 120 нафар ўқувчига ҳомийлар ва саховатпеша ташкилотлар раҳбарлари кўмагида мактаб формаси тарқатилди. Тадбирда туман ҳокими Шуҳрат Мусаев сўзга чиқиб, ўқувчиларга ўқишларида омад тилади.
Туман ҳокимлиги биноси ёнида ярмарка ташкил қилиниб, янги намунадаги мактаб формасининг арзон нархларда сотуви йўлга қўйилди. Бундан ота-оналар ҳам мамнун.






