Уйчи туман ҳокимлигида халқ депутатлари туман Кенгашининг олтинчи чақириқ 35-сессияси бўлиб ўтди.
Унда сектор раҳбарларининг туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш тарзи ва ижтимоий муҳофазасини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ишларни ташкил этиш юзасидан 2021 йил III чорагига мўлжалланган
“Йўл харита”ларини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳисоботлари, 2021 йил 6 ойида туман прокуратураси томонидан қонунчиликни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар, келгусидаги вазифалар юзасидан туман прокурорининг ҳисоботи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Уйчи туманидаги Халқ қабулхонасининг секторлар ва ҳудуддаги ташкилот раҳбарлари фаолияти ҳамда мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан ахбороти, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5718-сонли Фармонининг туманда ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирнинг Уйчи туманидаги тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудирининг ҳисоботи эшитилди. “Туманда хотин-қизлар муаммоларини “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар ҳақида” туман ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб–қувватлаш туман бўлими бошлиғи О.Отабоев ахборот берди.
Шунингдек, сессия ишида 39-мактаб директори лавозимига талабгор номзодлар тавсияси кўриб чиқилди.
Халқ депутатлари Уйчи туман Кенгашининг 35-сессиясида 3100 нафар аёллар рўйхатидан иборат “Аёллар дафтари” тасдиқланди ҳамда аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва муаммоларини ҳал қилиш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”тасдиқланди.
Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.







