Азиз ҳамюртлар, қадрли уйчиликлар!

Барчангизни жонажон туманимиз - Уйчи тумани ташкил топганига саксон олти йил тўлиши муносабати билан самимий табриклаб, чуқур ҳурмат-эҳтиромимни билдираман.

Дарҳақиқат, тарих солномасига битилган ўтган даврга назар ташласак, хотиралар уйғонади, не-не забардаст раҳбарлар кўз олдимиздан ўтади. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Президиуми раиси Абдували Мўминов, Республика Олий суди раиси, ҳуқуқушунос Ҳалимахон Муҳиддинова, жангларда матонат кўрсатган гвардия майори Акрамжон Зокиров, мерган ўзбек аёли Саида Султонова, шунингдек, Турсунбой Рўзибоев, Ортиқбой Қўчқоров, Абдупатто Шерматов, Абдулла Баҳромов, Шарофатхон Дадабоева, Баҳриддин Олиғжонов, Набижон Абдуллаев, Вали Ҳайдаров, Бойхонбой Бозорбоев, Назира Жуманова, Боймирза Холматов, Долимжон Раззоқов, Эркинбой Аҳмедов, Сотиболди Насриддинов, Аҳмаджон Маллабоев ва бошқа яна бир қатор ҳамюртларимиз номларини эҳтиром билан тилга оламиз.

Туманнинг биринчи раҳбарларидан Йўлдош Ирисметов, Абдуфаттоҳ Эгамбердиев, Сайфитдин Тошпўлатов, Абдубанно Ашуров, Асқаржон Ҳожимирзаев, Турсунпўлат Мирзамаҳмудов, Муҳитдин Валиевлар номларини кекса авлод вакиллари ҳозир ҳам ҳурмат билан эслашади.

Уйчи адабий муҳити ҳақида гап кетганда, Мулла Йўлдош Тўрабой ўғли Хилватий, ёзувчи Турғун Пўлат, шоирлар Ҳасанжон Мадёр, Ҳаётий, Фазлиддин Даврон, Хосият Жўраева, Зиёвиддин Мансур, Муҳаммаджон Нишонов, Ўринбой Мўминов, Зокиржон Бойхонов, Малика Бойхонова, Абдулҳаким Нишонов гавдаланади.

Уйчи номини нафақат мамлакат, дунёда улуғлаётган Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхонова, таниқли санъаткорлар Зокиржон Турсунов, Ҳамиджон Маллабоев, Рустам Мамадалиев, Комилжон Неъматов, Фотима Каримова, Умиджон Қорабоев, Қаҳрамон Ғуломжоновлар дилбар қўшиқлари ва сеҳрли овозлари билан мухлислар қалбини забт этишган.

Мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги нишонланаётган жорий йилда туманимиз аҳли барча соҳаларда юқори натижаларни қўлга киритиш ҳаракатида. Пиллачилик, ғаллачиликда эришган ютуқларимизни пахтачиликда ҳам қўлга киритиб, туманимиз иқтисодиётини янада юксалтириш ҳаракатидамиз. Қолаверса, тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнес соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамюртларимизни қутлуғ сана - Уйчи тумани ташкил топганлигининг 86 йиллиги билан самимий муборакбод этаман. Бундай байрамларнинг кўпини кўриш барчамизга насиб қилсин.

Ўзини шу юрт фарзандиман, деб билган уйчиликларнинг ҳаммасида фахр-ифтихор туйғулари доимо жўш уриб турсин.

Муҳаммадзокир МАМАТХОНОВ,

Уйчи тумани ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.