Наманган вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Қосимов бугун Уйчи туманидаги Ёркатай кичик саноат зонасида қурилиш жараёнлари билан танишди.
Мазкур саноат зонасида қурилиш ишлари жадал давом этмоқда. 4,7 гектар майдонни эгаллаган ушбу объектда умумий қиймати 115 млрд. сўмлик 26 та лойиҳа амалга оширилади. Бу ерда асосан текстиль йўналишидаги корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган бўлиб, мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
Айни вақтда кичик саноат зонаси ва у жойлашган Ёркатай маҳалласида инфратузилмани яхшилаш бўйича ишлар якунланмоқда. Қурилиш ишларини жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Танишув жараёнида туман ҳокими Шуҳрат Мусаев, туман прокурори, 2-сектор раҳбари Шерзод Раҳимов иштирок этдилар.






