Уйчи туман ҳокимлигининг мажлислар залида Ўзбекистон ХДП Уйчи туман кенгашининг IV пленуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Мўътабар Қозиева, туман Кенгаши вакиллари, партиядан сайланган депутатлар, партия фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этди. Пленумда туман кенгаши ижроия қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти юзасидан туман кенгаши раиси Ғанишер Жўраевнинг маърузаси тингланди. Маърузада партия кенгашнинг партиянинг дастурий устувор йўналишларини амалга ошириш борасидаги фаолияти, 2022 йил учун ҳамда ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган вазифаларни белгилаш масалалари танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди. Кун тартибидаги масалалар юзасидан туман Кенгаши депутатлари Раънохон Назарова, Акмалжон Исмаилов, партия фаоли, туман нуронийлар кенгаши раиси Тоҳиржон Исматиллаев ҳамда Мохира Холмирзаевалар маърузалардан келиб чиқиб, ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар. Пленумда халқ депутатлари Уйчи туман Кенгашидаги партия гуруҳининг 2021 йил иш фаолияти якунлари юзасидан партия гуруҳи раҳбари Акрамжон Абдуғаппаровнинг ахбороти эшитилди ҳамда партия туман ташкилотининг 2021 йилги бюджети ижроси ва 2022 йил бюджетининг асосий кўрсаткичлари тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди. Қизғин савол-жавоб, муҳокамалар асосида бўлиб ўтган пленумда кўрилган масалалар юзасидан қарор қабул қилинди.

Пленум якунида партия фаолларига туман партия кенгашининг эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлари топширилди.