Маълумки, оиладаги соғлом ижтимоий – маънавий муҳит фаровон жамият ҳамда кучли ва барқарор давлат асосини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.Уйчи туманида оилаларни мустаҳкамлаш, маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, жамиятда энг яхши оилавий анъаналарни сақлаб қолиш ва тарғиб қилиш мақсадида ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинларида маданий-маърифий, тарғибот тадбирлари ташкил қилинмоқда.Қаҳрамон МФЙ хотин-қизлар фаоли Ирода Тўрабоева ташаббуси билан “Фаровон оила – жамият ойнаси” мавзусида ўтказилган тадбирга етти нафар намунали оила вакиллари, фаол хотин-қизлар таклиф қилинди. “Аҳиллик” кўчасида яшовчи Муножатхон ҳамда Абдуллажон Эргашевлар хонадонида ўтказилган тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Саидахон Аҳмадалиева самимий тилаклар билдириб, намунали оилалар ва фаол хотин-қизларга эсдалик совғаларини тақдим қилди.Тадбир давомида мазкур маҳаллада ўтган даврда бирорта ажрим ва жиноят бўлмаганлиги, боқиманда ва норизо кайфиятдаги аёллар йўқлиги, барча меҳнат билан бандлиги алоҳида эътироф этилди ва бундай оилалар сони янада кўпайишига тилак билдирилди.Туман маданият маркази хонандалари ижросидаги куй-қўшиқлар даврага ўзгача шукуҳ бағишлади.






