“Кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражаси ва ижтимоий фаолликларини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси”га асосан узоқ йиллар биргаликда умр кечириб, қўша қариган кексаларнинг ибратли ҳаётини ёш авлодга тарғиб этиш мақсадида Уйчи туманидаги Оқтош МФЙда «Биргаликда 60 йил» мавзусида тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Маҳалланинг намунали оиласи, салкам тўқсон ёшни қаршилаётган Муборакхон ая Мамадалиева, Муталлиб ота Қосимовлар саккиз нафар қиз, икки нафар ўғилни комил инсонлар қилиб вояга етказишган. Бундан ташқари, икки нафар етим болани тарбиялаб, камол топтиришди. Бугунги кунда уларнинг оила қуришганига олтмиш тўрт йил тўлди.

Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш туман бўлими бошлиғининг маслаҳатчиси Тоҳиржон Исматиллаев, Оқтош МФЙ раиси Қодирхон Ҳасанов ибратли умр кечираётган Қосимовлар хонадонига ташриф буюришди. Хонадон соҳиби ва соҳибасига самимий тилаклар билдириб, эсдалик совғаси, 13-мактаб ўқувчилари эса гуллар совға қилишди.

Эъзозу эҳтиромдан мамнун отахон ва онахон фарзанд ва набиралари ҳам қутлаб, ушбу кун катта шодиёнага айланиб кетди.