Ассалому алайкум, азиз ҳамюртлар!
“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да туманимизнинг барча маҳаллаларида туб ўзгаришлар бўлиши, фаол ислоҳотлар, тадбиркорликни ривожлантириш ва маҳаллабай ишлаш натижасида янги иш ўринлари яратиш, бу орқали аҳоли турмуш фаровонлигини оширишни мақсад қилиб олганмиз.
Мамлакатимиз раҳбарининг тегишли Фармони ва қарорларига асосан маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимларининг ёрдамчилари лавозимлари жорий этилди.
Уйчи туманида 56 та маҳаллага тумандаги иқтисодий идораларнинг раҳбар ва малакали ходимлари саралаб олиниб, суҳбат асосида ҳар бир маҳаллага туман ҳокимининг ёрдамчилари тайинланди.
Туманда ўтган давр мобайнида Ҳоким ёрдамчилари томонидан ўтказилган хатлов натижасида:
39 290 та (100%) хонадон хатловдан ўтказилиб, иқтисодий аҳволига кўра 4 та тоифага ажратиб олинди.
биринчи тоифа – 6 663 та (17,0 фоиз); (даромади кам, бироқ даромад топишга ҳаракат қилаётган хонадонлар)
иккинчи тоифа – 15 370 та (39,1 фоиз); (доимий даромадга эга, қўшимча даромад топиш истагидаги хонадонлар)
учинчи тоифа – 4 016 та (10,2 фоиз); (ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган хонадонлар)
тўртинчи тоифа – 12 984 тани (33,7 фоиз) (иқтисодий аҳволи яхши ва ўзига тўқ хонадонлар) ташкил этмоқда.
Ҳоким ёрдамчилари томонидан ўтказилган хатлов сўровномалари тўлиқ “Online-mahalla.uz” платформасига киритилиб, аҳолининг талаб ва таклифлари асосида биринчи чорак йўл-харитаси тасдиқланди.
Республика бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари 6 та кўрсаткич ва 5 та ташаббускорлик хислатларини баҳолашни ўз ичига олган сўровнома орқали онлайн тарзда баҳоланди.
Бунга кўра, 5 та маҳалла “аъло”, 19 та маҳалла “яхши”, 21 та маҳалла “қониқарли” ва 11 та маҳалла “қониқарсиз” деб баҳоланди.
Эришилган ижобий натижаларга қараб ҳоким ёрдамчиларини муносиб мукофотлаш мақсадида жорий йилнинг 16 апрель куни 3 нафар ҳоким ёрдамчилари мукофотланди.
Шунингдек, Ҳоким ёрдамчиларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан ҳоким ёрдамчиларига январь-март ойлари учун аввалги иш жойидаги ва амалдаги ойлик иш ҳақи ўртасидаги фарқни қоплаб бериш бўйича 24 млн.сўм маблағ тўлаб берилди.
(Бажарилган ва бажариладиган ишлар)
Ўтган давр мобайнида
Ҳоким ёрдамчилари ўз фаолиятини амалга ошириши учун 1-чорак давомида жами 6,3 млрд.сўм маблағ йўналтирилди.
Жами 12 300 нафар фуқаро бандлиги таъминланган бўлса, шундан 10 884 та (88 фоиз) иш ўринлар ҳоким ёрдамчилари ташаббуси ва уларнинг амалий кўмаги ҳисобига яратилди.
Биринчидан, 3 871 нафари ўз-ўзини банд қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали бандлиги таъминланди.
Иккинчидан, ПҚ-20-сонли қарор асосида ер майдонларини ажратиш ҳисобига 552 гектар ер майдонлари 5344 нафар аҳолининг бандлигини таъминлаш мақсадида ажратилмоқда. Улар томонидан маҳсулотлар экилиши натижасида қўшимча 87,0 тонна сабзавот, 5,6 минг тонна полиз, 7,4 минг тонна дуккакли ҳамда 134 тонна мойли экинлар ҳосилини олиш кўзда тутилган.
Бунинг натижасида ушбу оилалар 32,0 млрд.сўмдан зиёд даромад олиши кутилмоқда.
Учинчидан, 117 та юридик ва 124 та якка тартибдаги янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиши натижасида 314 та янги иш ўринлари яратилди.
Тўртинчидан, маҳаллаларда хизмат кўрсатиш йўналишида 48 та (15 та сартарошхона, 25 та савдо дўконлари, 1 та гўзаллик салони ва 7 та бошқа йўналишда) объектлар ишга туширилди.
Бешинчидан, намуна сифатида вилоятда йирик бўлган “Golden Egg of Namangan” паррандачилик корхонаси томонидан аҳолини даромад манбаини ошириш мақсадида 104 та хонадонга 100 тадан 150 тагача жами 8445 та парранда тарқатилди.
(1 та хонадонга 100 та парранда 8,0 млн.сўмдан тўғри келмоқда. 1 ойда 2 500 та тухум олади ва 2,0 млн.сўм қўшимча даромадга эга бўлади) кунлик даромад манбаига эга бўлди).
Олтинчидан, Овчибулоқ маҳалла аҳолиси талабидан келиб чиқиб, қиймати 126 млн.сўмлик 1 490 бош парранда кооперация асосида 57 та аҳоли хондонларига тарқатилиши режалаштирилган.
Еттинчидан, - "Жийдакапа Савдо" МЧЖ томонидан “Лидер тадбиркор”дастури доирасида 110 та хонадонни жалб қилган ҳолда темирни қайта ишлаш йўналишидан 160 нафар фуқаро иш билан таъминлаган. Тадбиркор томонидан МФЙдаги 60 та хонадонга ярим тайёр темир металлар берилиб, ушбу хонадондаги 25 нафар ёшнинг ҳам Устоз шогирд йўналишида бандлиги таъминланган.
- “Оқтош” маҳалласида ҳоким ёрдамчиси ташаббуси билан МФЙ ҳудудида 45 нафар ўқувчи қувватига эга бўлган ўқув маркази ташкил этилди.
Саккизинчидан, Oila kredit.uz платформада 784 та тадбиркорлик субъектининг 15,7 млрд.сўмлик аризасига тавсиялар берилиб, бугунги кунга қадар 400 та тадбиркорлик субъектига 5,2 млрд.сўм кредит ажратилиши натижасида 364 та янги иш ўринлари яратилди.
Бундан ташқари 91 та тадбиркорлик субъектининг 91,6 млрд.сўмлик кредит ажратиш учун берган аризаси кўриб чиқилмоқда.
Тўққизинчидан, “Ёшлар дафтари” жамғармасидан 434,5 млн. сўм миқдорда кўмак кўрсатилди.
- Асбоб-ускуналар учун 22 нафарига 72,4 млн.сўм;
- Ҳайдовчиликка ўқитиш учун 31 нафарига 61,1 млн.сўм
- Таълим-тўлов контракт учун 57 нафар ёшларга 195,4 млн.сўм;
- Сафарбарлик чақирув резерви харажатлари учун 6 нафар ёшларга 28,8 млн.сўм;
- Ёшларнинг истеъдодларини қўллаб-қувватлаш учун 30 нафар ёшларга 50,2 млн.сўм маблағлар ажратилди.
Наманганда тажрибаси сифатида 3-тоифадаги хонадонларга, яъни боқувчиси йўқ, ногирон ва кам таъминланган оилаларга маҳалладаги 160 та ўзига тўқ оила ҳамда тадбиркорлар 160 та хонадонга даромад манбаини яратиш мақсадида бириктирилди.
Ҳозирги кунга қадар 1597 та оилага 563,8 млн.сўмлик ҳомий ва тадбиркорлар маблағлари ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари ёрдам сифатида берилди.
Шунингдек, хатловда аниқланган 1 609 та боқиманда оилага 504 та нуроний ва фаолларини бириктириш орқали уларни томорқа маданияти ва боқимандадан чиқиш бўйича тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Туманда Ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда 2-чоракда амалга ошириладиган ишларни режалаштириб олдик.
Биринчи, 1-чорак якуни билан паст кўрсаткичга эга 17 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари билан суҳбатлашиб, алоҳида Йўл хариталари ишлаб чиқилди. Унга асосан 2-чорак якуни билан 17 та МФЙда барча йўналишларда юқори кўрсаткичларга эришиш кўзда тутилган.
Иккинчи, 1 январь ҳолатига оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 2018-2021 йилларда ажратилган кредитлар ҳисобига юзага келган муаммоли кредитлар қолдиғи 163,2 млрд.сўмни ташкил этган бўлса, амалга оширилган ишлар ҳисобига 1 май ҳолатига 103,8 млрд.сўмни ташкил этди ёки 59,5 млрд.сўмга (64 фоизга) камайтиришга эришилди.
Ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда 2-чоракда тасдиқланган графикка асосан муаммоли кредитларни 46,8 млрд.сўмга (33 фоизга) ёки 22,7 млрд.сўмга камайтириб, ҳар бир маҳалладан қайтарилган кредитлардан келиб чиқиб, шу маҳаллани ўзига йўналтирамиз.
Учинчи, Ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда ҳудудлардаги тадбиркорлар муаммоларини ҳал этиш, фаолиятини кенгайтириш бўйича ҳоким ва тадбиркорлар учрашуви ўтказиб борилади. Бунда энг асосий эътибор янги иш ўринлари ва қўшимча ҳажмлар яратишга қаратилади.
Тўртинчи, деҳқончилик ва паррандачиликка ихтисослашган маҳаллаларга “лидер” тадбиркорлар бириктирилиб, шу орқали уруғ, кўчат, ўғит, парранда тухуми етиштириш йўлга қуйилади.
Бешинчидан, Ҳудудий инвестиция дастури доирасида 2022 йилда қиймати 1.1 трлн. сўмлик 134 та лойиҳаларни ишга тушириш ҳамда 3655 та янги иш ўринлари яратиш белгиланган.
Ҳозирги кунда Уйчи туманидаги Ёшлар кичик саноат зонасида умумий қиймати 80,7 млрд. сўмга тенг бўлган 20 та лойиҳа жойлаштирилган. Ушбу лойиҳаларни ишга тушириш натижасида 509 та янги иш ўринлари яратилади. Бугунги кунда қиймати 26,8 млрд. сўмга тенг бўлган 9 лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 170 та иш ўрни яратилган. Ҳозирда 11 та лойиҳада қурилиш ишлари давом этмоқда. Ушбу лойиҳаларда қурилиш ишлари якунланиб, ишга туширилиши ҳисобига 339 та иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
2022 йилда туманда олдимизга қўйган ишларимиз натижаси бўйича тўхталадиган бўлсам.
Биринчидан, 2022 йил ҳудудий инвестициялар дастурига киритилмаган қўшимча лойиҳалар амалга ошириш учун қиймати 254,1 млрд. сўм бўлган 134 та лойиҳа манзилли рўйхати шакллантирилди. Бунинг ҳисобига 1010 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
Жумладан, саноат йўналишида 92 та, хизмат кўрсатишда 25 та, қишлоқ хўжалигида 17 та лойиҳани ишга туширишни мақсад қилиб олдик.
Шундан, саноат йўналишида “Идеал оил траде” МЧЖ томонидан қиймати 88,1 млрд. сўмга тенг бўлган “Ёғ-мой комбинати ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилиши ҳисобига 600 та янги иш ўринлари яратилади.
Қишлоқ хўжалиги йўналишида “Ёқут-М барака” ХК томонидан қиймати 18 млрд. сўмга тенг бўлган “Чорвачилик хўжалиги ташкил этиш” лойиҳасини амалга ошириш натижасида 20 та янги иш ўринлари яратилади.
Иккинчидан, 2022 йил туманда жами 3,0 млн. доллар хорижий инвестиция ва хорижий кредитлар маблағларини ўзлаштириш белгиланган. Шундан “Мега текстил гроуп” МЧЖ томонидан енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси учун 3,0 млн. доллар инвестициялар ўзлаштирилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, 2022 йил якунига қадар “Баркас текс гроуп” МЧЖ умумий қиймати 6,0 млн. доллар ўз маблағи ҳисобидан амалга оширилиши ҳамда 1000 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Ҳозирда биринчи босқичи ишга туширилиб 380та янги ишчи ўрин яратилди.
2022 йил учун туманда жами 61 млн. 415 минг долларлик экспорт қилиш белгиланган бўлиб, шундан, саноат маҳсулотлари 55 млн. 291 минг доллар, мева-сабзавот маҳсулотлари 6 млн. 124 минг долларни ташкил этади.
Учинчидан, 2022 йилда йилнинг ўтган 4 ой даври учун 12 975 нафар аҳоли бандлигини таъминлаш белгиланган бўлиб, амалда 16 639 нафар ёки режага нисбатан 128,2 фоизга бажарилди.
(Ўзини-ўзи банд қилиш ҳисобига 3871 нафар, янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш ҳисобига 331 нафар, субсидия ажратиш ҳисобига 98 нафар, хизмат кўрсатиш йўналишида 160 нафар, Лидер тадбиркор дастури доирасида 190 нафар, касб-хунарга ўқитиш ҳисобига 278 нафар, жамоат ишларига жалб этиш ҳисобига 637 нафар, бўш (вакант) иш ўринларига ишга жойлаштириш ҳисобига 1 241 нафар, Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 416 нафар, ҳудудий ивестиция лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига 285 нафар, КСЗ ва йирик лойиҳаларни ишга тушиш ҳисобига 890 нафар, “Обод қишлоқ ”дастури доирасида 40 нафар, кўп қаватли уйлар қуриш ҳисобига 107 нафар, йўл бўйи уйлар қуриш ҳисобига ва кўп қаватли уйлар қуриш ҳисобига 402 нафар, ПҚ 20-сонли қарор ижроси бўйича ер ажратиш 5 344 нафарга тўғри келди)
Тўртинчидан, Қумтеппа МФЙ худудида фаолият юритаётган “Жийдакапа савдо” МЧЖ томонидан темирни қайта ишлаш йўналишида кооперация ташкил этиш ҳисобига 110 та хонадон қамраб олиниб, 160 дан ортиқ иш ўринлари яратилди.
“Овчибулоқ” ёшлар кичик саноат зонасида жами 3,6 гектар ер майдонида умумий қиймати 80,7 млрд.сўмлик 20 та лойиҳа жойлаштирилган. Лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 509 та янги ишчи ўринлари яратилади.
Бешинчидан, аграр соҳадаги ислоҳотларни ҳам изчиллик билан давом эттирамиз.
Тумандаги пахта ва ғалла майдонлари ҳисобидан 2022 йилда 552 гектар асосий экин ер майдонларини ўртача 0,10 гектардан бўлган ҳолда, лотларни шакллантириш ишларини ташкил этиб, 10 йил муддатга 5 344 нафар ишсиз ёшларга ва эҳтиёжманд оилаларга электрон очиқ савдолар орқари ажратиб бериш ишлари якунига етказилади.
Ажратиладиган ер майдонларининг 200 гектарга сабзавот, 120 гектарга полиз, 100 гектар дуккакли экинлар ва 132 гектарга мойли экинлар жойлаштирилади.
Олтинчидан, Уйчи туманида 2022 йилда “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ томонидан 5 та 5 қаватли ҳар бири 20 хонадондан иборат бўлган жами 80 хонадонли кўп қаватли уй-жойларни қурилиши режалаштирилган. Тумандаги қурувчи ташкилотлар томонидан Навоий, Ҳуррият ҳамда Пастгузар маҳалла фуқаролар йиғинларида 5 та жами 286 хонадондан иборат бўлган кўп қаватли уй-жойларнинг қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, 7 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга уй-жойнинг бошланғич тўловлари тўлаб берилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси вазирлар маҳкамасининг 2021 йил 6 декабрдаги “Уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш ҳамда тошкент шаҳрида бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган фуқароларнинг яшаш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 737-сонли қарори доирасида 8 нафар муҳтож хотин-қизлар учун 1 млрд 052,0 млн. сўм маблағ ажратилиб, туман ҳокимлиги заҳираси учун 8 та хонадон сотиб олиниб, фуқароларга белгиланган тартиб асосида топширилди.
Уйчи туманида 2022 йилда инвестиция дастури асосида Ўнҳаят маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 3-мактабда 9 млрд 456 млн сўм маблағ ҳисобига 420 ўринли қўшимча ўқув биноси қурилиши режалаштирилган, ҳозирда қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳуррият МФЙ ҳудудида жойлашган 17-сонли МТТ лойиҳа қиймати 6 млрд 200 млн сўм маблағ ҳисобига 280 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, туман тиббиёт бирлашмасида лойиҳа қиймати 13 млрд 800 млн сўм маблағ ҳисобига қўшимча бинолар қурилиши жадал бошланди.
“Обод қишлоқ” давлат дастури асосида 2022 йилда туманда “Ўнҳаят” ҳамда “Янгиер” МФЙларда жами 13.6 км ичимлик сув тармоғини тортиш, 16 км асфалът, 2.6 км электр тармоқларини тортиш, 2 та транформатор ўрнатиш, 5 км. оптик толали алоқа кабелларини тортиш, Ўнҳаят МФЙ ҳудудида жойлашган 4-сонли МТТни мукаммал таъмирлаш, 2 та МФЙ биносини қуриш режалаштирилган. Ҳозирда электр тармоқларини тортиш ишлари олиб борилмоқда.
Сув тармоғини тортиш бўйича
Кесканёр, Янгиҳаёт, Файзиобод, Пастгузар МФЙларида қарийиб 14 км. ичимлик суви тармоқлари тортилди ҳамда 14 км ички йўлларни шағаллаш ишлари бажарилди.
Электр тармоқлари тортиш
Кесканёр, Янгиҳаёт, Файзиобод, Пастгузар МФЙларида жами 13 км. электр тармоқлари тортиш режалаштирилган, ҳозирга қадар 4,8 км. электр тармоқлари тортилди.
Бетон қопламали йўл
2-сектор ҳудудида жойлашган Файзиобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 3 та кўчада 3.5 км бетон қопламали йўл қурилиши режалаштирилган бўлиб, хозирда 880 метр бетон қопламали йўл қуриш ишлари бажарилди.
Тумандаги сектор раҳбарлари, ўринбосарлар, тумандаги барча иқтисодий идоралар ва унда ишловчи ходимлар МФЙдаги ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда ҳар бир МФЙларда аҳоли билан учрашувлар ўтказилиб, барча турдаги муаммо ва таклифлар инобатга олиниб, манзилли ишлар амалга оширилади.
Халқимизни рози қилиш, турмуш фаровонлигини ошириш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсаддир. Юқорида айтиб ўтилган ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларнинг ижросини сўзсиз таъминласак, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича йил якунига қадар ижобий натижаларга, албатта, эришамиз.
Эътиборингиз учун раҳмат!






