Уйчи туманида 2022 йил биринчи пилла ҳосилини қабул қилиш тадбири катта шодиёнага айланди. Шу куни 2 тоннадан ортиқ пилла қабул қилинди. Пиллакорлар Бахтиёр Йўлдошев, Лобар Отабоева, Ҳабибулло Аҳмаджонов, Исмоил Шарипов, касаначи Сурайё Нажмиддинова, Наима Тўраевалар белгиланган режани ортиғи билан бажардилар.

Тадбирда иштирок этган туман ҳокими Шуҳрат Мусаев, сектор раҳбарлари, ҳиндистонлик инвестор Ачай Агревал, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш туман бўлими бошлиғининг маслаҳатчиси Тоҳиржон Исматиллаев илғор пиллакорларга эсдалик совғаларини топширдилар.

Жорий йилда туманда 3349 қути ипак қурти парваришланиб, 190 тоннадан ортиқ ҳосил олиниши кўзда тутилган. Шунда ҳосилдорлик ўртача 57 килограммдан тўғри келади.

Тумандаги мавжуд 10 та инкубаторияда хориждан келтирилган қурт уруғлари белгиланган меъёр асосида жонлантирилди. Эътиборли томони, бу уруғ сифатли бўлиб, қўл меҳнати камаяди, барг тежамкорлиги таъминланади, ҳар қандай об-ҳаво шароитига тез мослашиб, юқори ҳосил беради.