Ободлик кўнгилдан бошланади. Озодалик, покизалик бор жойдан файзу барака ҳам аримайди. Юртимизда бўлиб ўтаётган умумхалқ хайрия ҳашаридан кўзланган мақсад ҳам ягона – кўча вва хиёбонлар, хонадонлар, ҳар бир ташкилот ва муассасалар, қабристонларни янада обод ва кўркам қилиш, санитария ҳолатини яхшилаш.

Бугун эрта тонгдан Уйчи туманида ҳам «Маҳалла ободлиги – юрт фаровонлиги» шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари кўтаринки руҳда ва уюшқоқликда бошланди. Аввало, қуриган шох-шаббалар, бегона ўтлар олиниб, ариқлар тозаланди, 100 тоннадан зиёд чиқинди ташиб кетилди. Кўча бўйлари, йўл қирғоқларига алоҳида эътибор қаратилиб, 15 минг тупдан ортиқ гул кўчатлари ўтқазилди.Айниқса, тумандаги мавжуд 56 та қабристонда кенг кўламда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Бу иш бошида нуронийлар, фаол аёллар, ёшлар вакиллари бўлиб, ҳамшиҳатликда иш ташкил этдилар.

Ҳашар кунларида одамлар орасида ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни янада кучайтириш, беғараз ёрдам, меҳр-мурувват каби эзгу фазилатларни юксалтириш, маҳаллалар ҳамда аҳоли тураржойларини обод қилиш умумхалқ ҳаракати даражасига кўтарилади. Умумхалқ хайрия ҳашари доирасида аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари қўллаб-қувватланиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди.

Шу куни «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида барча тураржой мавзелари, маҳаллаларда ўтқазилган манзарали ва мевали дарахтлар оқланиб, киши кўрса ҳавас қиладиган даражага келтирилди.

Туманнинг барча ҳудудларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари давом этмоқда.