Иқлим ўзгариши таъсирига қарши курашиш, одамларни ихтиёрий равишда бирлаштириш орқали қулай атроф-муҳит шароитларини яратиш, яшил майдонларни кўпайтириш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирлар давом эттирилмоқда.
Уйчи туманида 1,5 миллион туп терак қаламчаси ҳамда 50 минг туп терак кўчати ўтқазилиши режалаштирилган. Шу мақсадда бугун эрта тонгдан туман марказидаги “Пахтакор” ўйингоҳида ташкил этилган акцияда тумандаги мавжуд 56 та МФЙ, ташкилот, корхона ва муассасалар фаол қатнашдилар.
Акцияда туман ҳокими Шуҳрат Мусаев, сектор раҳбарлари, Халқ қабулхонаси, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш туман бўлими, "Маҳалла" ХЖФ туман бўлинмаси, сиёсий партиялар вакиллари иштирок этдилар.
Бугуннинг ўзида ўйингоҳга 500 минг туп терак қаламчаси, 50 минг туп терак кўчати келтирилди. Қаламча ва кўчатлар ортилган машиналар карвони йўлга чиқди. Ушбу карвон ҳар бир маҳалла ҳудудидан ажратилган бўш, фойдаланилмай турган майдонлар томон йўл олди. Бу ерда маҳалла хотин-қизлар фаоллари, нуронийлар, ёшлар вакиллари иштирокида қаламча ҳамда кўчатлар ўтқазилди.
Қўрғонча МФЙ ҳудудида жойлашган “Биродарлик” қабристонидаги бўш турган 70 сотих ер майдони Қўрғонча ҳамда Умид МФЙларига ажратиб берилди. Бу ерда улар 200 минг туп терак қаламчаси, 12 минг туп терак кўчати ўтқазишмоқда. Умумхалқ ҳашарига туман ФВБ, ИИБ жамоалари ҳам ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.
Туманнинг барча маҳалларида акция қизғин давом этмоқда ва уни қисқа фурсатда якунлаш чоралари кўрилмоқда.






