Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва қарорларида белгиланган муҳим топшириқлар ижросини жойларда таъминлаш, амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирининг 1-ўринбосари А.Иноятов ва ўринбосар У.Сабиров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи Наманган вилоятида маҳаллабай тизимида иш олиб бормоқда.

Вазирликнинг бошқармалари, етакчи мутахассислари, шунингдек ихтисослаштирилган марказларнинг олим шифокорлари халқимизнинг сиёсатдан, жумладан, тиббиётдан рози бўлиши учун 2022 йил 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқотида белгилаб берилган йўналишлари доирасида амалий ёрдам кўрсатмоқдалар.Бугун соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, жисмоний фаоллик ва соғлом овқатланиш борасида Уйчи тумани маҳаллаларида аҳоли билан бевосита тарғибот ва ташвиқот ҳамда тушунтириш ишлари олиб борилди.

Республика аҳоли соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова тумандаги бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасаларида соғлом овқатланиш бўйича жорий этиладиган рейтинг тизими ва ундан кутилаётган натижадорлик тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борди. Жумладан, туман маҳаллаларида аҳолига тарқатиш учун туман ҳокимлиги томонидан 40 минг нусхада соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланишни тарғиб қилувчи тарқатма материаллар тайёрланди ва тарқатилди. Уйчининг марказий кўчаларига катта ҳажмли тарғибот баннерлари ўрнатилди. Ушбу тарғибот тадбирларига маҳалла фаоллари, отинойилар ва патронаж ҳамширалар жалб этилмоқда.

Б.Одилова туманнинг Ёркатай маҳалласида аҳоли билан учрашиб, муқаддас Рамазон ойида тўғри овқатланиш мавзусида суҳбатлар ўтказди.