Уйчи туманидаги Қумтепа МФЙда жойлашган “Бегойим текстиль“ МЧЖ 2021 йил 1 июнда ташкил топган. Жамият раҳбари ёш изланувчан тадбиркор Севара Олимова ўз ҳисобидан 700 миллион сўм маблағ сарфлаб, тикувчилик цехи учун алоҳида бино қурди. Ташландиқ ва чуқурликлардан иборат қаровсиз бўлган жойда замонавий бино қад ростлади. 20 та замонавий тикув машиналари олиб келди. 60 нафар хотин-қизнинг доимий бандлигини таъминлади. Улардан 12 нафари “Аёллар дафтари”, 6 нафари “Темир дафтар”, 7 нафари “Ёшлар дафтари”даги фуқаролардир. Цехда 6 хил турдаги аёллар, 3 хил турдаги болалар кийимлари тайёрланмоқда. Шунингдек, болалар учун мактаб формаси ҳам тайёрлаш йўлга қўйилди. Иш икки сменада ташкил қилинган бўлиб, икки маҳал иссиқ овқат ҳам йўлга қўйилган.Тикувчилик цехида “Хуш келдинг баҳор айёми” номли байрам тадбири ташкил қилинди. Унда тикувчилик цехида фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар баҳорнинг тансиқ таомлари тайёрлаб, байрам дастурхонига туҳфа қилдилар.Байрам тадбирида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Баҳодир Юсупов, вилоят “Мен ва оилам” жамоат бирлашмаси раҳбари Мавлудахон Абдухалимова, туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳамидахон Боззорова, вилоят Кенгаши депутати Маъмура Турғунова, ЎзЛиДеП вилоят кенгаши раиси ўринбосари, аппарат раҳбари Орифжон Маҳмудов, фахрий журналист Комилжон Файзиевлар эзгу тилаклар билдиришди. Бир гуруҳ фаолларга ЎзЛиДеП сафига қабул қилинганлигини ҳақидаги гувоҳномалар, илғорларга эсдалик совғалари топширилди. Ташаббус тадбиркорлар Халимахон Мираҳмедова, Севара Олимоваларга Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмасининг “Ташаккурнома”лари тақдим этилди. Таниқли хонандалар Муҳаббат Йўлдошева, Умиджон Қорабоевлар ижросидаги қўшиқлар барчага хушкайфият бағишлади.