26-мактаб қошида фаолият юритаётган 1-БЎСМнинг белбоғли кураш тўгарагида бугунги кунда юз нафар ёш маҳоратини ошириб бормоқда.
-Тўгарагимизда асосан 30 ёшгача бўлган ёшлар шуғулланади,-дейди туман белбоғли кураш бўйича бош мураббийи, миллий тоифадаги ҳакам Бахтиёр Турғунпўлатов.- Аммо 70 ёшгача бўлган барча қизиққанларни залимизга таклиф қиламиз. Улар ҳам спорт билан шуғулланишлари учун имкониятларимиз етарли.
Бугун мактабда ўқувчиларнинг анча йиллардан бери орзуси билан белбоғли кураш бўйича алоҳида зал иш бошлади. Бобур Турғунпўлатов мураббийлигида ёшлар маҳоратларини ошириб боришлари учун барча қулайликлар яратилди.
Залнинг очилиш маросимида сўзга чиққан туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Дилмурод Нурматов, туман ҳокимининг ўринбосари Аброр Собиров, 4-сектор раҳбари Хондамир Бобаев мазкур зал кўп йиллар ёшларга хизмат қилиши ва чемпионлар чиқишига тилак билдирдилар. Туманда белбоғли кураш спорт турининг ривожланишига қўшаётган ҳиссаси учун Дилмурод Нурматовга Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг эсдалик совғаси топширилди. Залнинг очилишидаги хизматлари учун 26-мактаб директори Каримжон Болтабоевга алоҳида миннатдорчилик билдирилди.
Неъматилла РАҲИМОВ,“Маҳалла” ХЖФ туман бўлинмаси раиси.







