Ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида мамлакатимиз раҳбарининг 2022 йил 19 январда ”Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-92-сонли қарори қабул қилинди.

Ушбу вазифаларнинг ижроси самарали таъминланишида Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси ва фаоллари зиммасига ҳам бир қатор масъулият юкланган.

Бугун туман ҳокимлигининг мажлислар залида айни шу мавзуга бағишланган мулоқот бўлиб ўтди.Фаол фахрийлар, имом хатиблар, отинойилар, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ёшлар етакчилари иштирокидаги йиғилишда Олий Мажлис Сенати аъзоси, Нуроний жамоатчилик кенгаши раиси, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Икромхон Нажмиддинов, вилоят бош имом хатиби Абдулҳай Турсунов, туман ҳокими Шуҳрат Мусаев, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими бошлиғининг ўринбосари Тоҳиржон Исматиллаевлар сўзга чиқдилар, нуронийлар барча соҳада яқин кўмакчи эканликларини таъкидлашди.

Мулоқотда оилавий ажримларни камайтириш, спорт, соғломлаштириш, маънавий-маърифий тадбирларни ташкиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар ҳам билдирилди.