Коррупция иллати ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилишига олиб келади. Шунинг учун коррупцияга қарши кураш катта аҳамият касб этиб, муҳим масалалар қаторидан жой олган.
Ҳозирги даврда коррупцияга қарши курашиш мунтазам равишда амалга оширилиши зарур бўлган долзарб вазифалардан бирига айланди. 2017 йил 3 январь куни “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.Ушбу қонуннинг қабул қилиниши орқали коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми яратилиб,Қонуннинг асосий мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир. Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунда асосий тушунчалар берилган бўлиб, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини, ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир. Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисидаги “Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” мавзуидаги маърузасида жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарурлигини таъкидлагани бежиз эмас, албатта. Қонуннинг 5-моддасида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатилган бўлиб,улар: аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, унга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборатдир. Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашишда амалга оширилаётган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш билан бирга, унда фаол иштирок этишимиз барчамизнинг бурчимиздир .
Ш.ДАДАБОЕВ,Уйчи тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти.






