Бугун Наманган вилояти ҳокимлигида шаҳар ва туманлар сектор раҳбарлари, энг шароити оғир маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, коммунал соҳа раҳбарлари ҳамда тегишли соҳа раҳбарлари иштирокида тақдимотлар ҳимояси бўлиб ўтди.
Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ўзларининг масъулликларидаги ҳудудларни ўрганиб чиқиб, мавжуд ҳолатни ўнглаш учун биринчи галда бажарилиши талаб этиладиган вазифалар, ва албатта бунинг учун талаб этиладиган маблағ ва бошқа ресурслар бўйича тайёрлаган тақдимотларини ҳимоя қилдилар.
- Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчиларини қўллаб-қувватлашимиз шарт. Ҳудудларимизнинг ўзаро мутаносиб равишда ривожланиши, энг чекка ва оғир ҳудудларимизга илк навбатда эътибор қаратилади. Оддий шароитларни яратиб беришда ҳам биз маблағидан ёрдам қиламиз, маҳаллалар эса ўзаро ижтимоий шерикликни унутмаслиги керак бўлади. Ана шунда кўпроқ ҳажмдаги ишларни бажариш имконияти туғилади.
Наманган вилоятида аҳолини узоқ йиллар давомида қийнаб келаётган муаммолар, хусусан, табиий ва суюлтирилган газ, ичимлик ҳамда оқава сув, электр энергияси, йўл, транспорт ва бошқа шу каби ўз ечимини кутаётган масалалар мавжуд бўлган энг оғир маҳаллалардан 29 тасида амалий ишлар бошланади. Жами 226 та ички кўчалардаги 150 км. йўллар асфальтланиши, 110 км. йўллар эса шағалланиши, 30 км. йўл жорий таъмирланиши зарурлиги айнан ҳоким ёрдамчилари томонидан тайёрланган тақдимотларда ўз аксини топган.
Энг асосийси, 238 км. ичимлик суви тармоғи тортиш, 462 дона колодец ва 462 та задвижкалар ўрнатилиши, 16 та сув иншоотлари янгиланиши билан 30 га яқин маҳаллаларда тоза ичимлик суви таъминоти яхшиланишига эришилади.
Ҳоким ёрдамчилари бундан ташқари 80 км. электр тармоқларини янгилаш ва 28 она ТПлар ўрнатиш, 2656 дона темир-бетон электр устунлари ўрнатиш бўйича таклифларини ҳам илгари сурдилар.
Тақдимотда, шунингдек, табиий газ ва суюлтирилган газ, алоқа ва интернет, маҳалла идоралари ва гузарларида учраб турган муаммоли масалалар ҳам ўз ечимини топадиган бўлди.






