ХХ аср охирларида келиб одам савдоси бутун инсониятга қарши асосий таҳдидлардан бири бўлиб қолди. Одамдан эксплутация мақсадларида фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар ошиб бориши тенденцияси бундай ижтимоий хавфли қилмишлар охир-оқибатда жамиятнинг демоқратик негизларига тажовуз қилиши билан миллий хавфсизликка ҳам таҳдид солади.
Ўзбекистон Республикасида энг олий қадрият инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа табиий ҳуқуқлари бўлиб, уларни таъминлаш Конституция билан кафолатланади. Одам савдоси деганда, одамни олиш сотиш ёки одамни эксплутация қилиш мақсадида ёллаш, ташиш топшириш ёки қабул қилиш тушунилади.Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси Одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш — уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.Ўша ҳаракатлар: а) ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали; б) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан; в) ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан; г) айбдорга моддий жиҳатдан ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан; д) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; е) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб; ж) хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда; з) жабрланувчини Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда ёки уни чет элда қонунга хилоф равишда ушлаб турган ҳолда; и) қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда, худди шунингдек жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб қўйган, яширган ёхуд йўқ қилиб юборган ҳолда; к) киши аъзоларини кесиб олиб, бошқа кишига кўчириш (трансплантат) мақсадида содир этилган бўлса, — беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ўша ҳаракатлар: а) ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса; б) жабрланувчининг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса; в) ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса; г) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, — саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. А.АКБАРОВ,жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судининг раиси, Д.НАЗАРОВ,жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судининг ёрдамчиси.






