Уйчи туманидаги 3-секторда жойлашган “Қумтепа” кичик саноат зонаси 3,1 гектар майдонни эгаллаб, 20 млрд. сўмлик 52 та лойиҳа амалга оширилиши, 650 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Ҳудудда аҳоли асосан темирни қайта ишлаш, шакл бериш ва темир дарвозалар ясаш билан банд бўлиб, 140 тадан ортиқ субъект фаолият юритади, уларда 500 дан ортиқ фуқаро банд. Шу боис саноат зонаси ҳам темирни қайта ишлаш (дарвозачиликка) ихтисослашган.

Саноат зонасида аукцион якунланиб, 46 та лот эгаси ғолиб деб топилди. Бу ерда қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича старт берилди.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Толибжон Юсупов мазкур саноат зонасида лойиҳа эгалари билан мулоқотда бўлди, иш жараёнлари билан яқиндан танишиб, қурилиш ишларини жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.