Янги йил байрами Қорбобо ва Қорқиз ташрифисиз ўтмайди. Айниқса, бу болажонлар учун бир олам қувонч бағишлайди.

Президентимизнинг 2021 йил 21 декабрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган байрамолди йўқловлари оилаларга шодлик олиб кирди. Юртбошимизнинг байрам табриги, моддий ёрдам пули ва янги йил совғалари ўз эгаларига етказиб берилди.

Уйчи туманида 2273 та оилага 800 минг сўмдан, жумладан, “Темир дафтар”даги 451 та оилага 360,8 млн. сўм, 18 ёшгача фарзандлари бор, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи 1064 та оилага 851 млн. 200 минг сўм ва ногиронлиги бор, 18 ёшгача боласи бўлган 758 та оилага 606 млн. 400 минг сўм миқдоридаги пул маблағлари етказиб берилди.

Туман ҳокими Шуҳрат Мусаев бошчилигида ҳоким ўринбосарлари, секторлар раҳбарлари, банк, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вакиллари кам таъминланган оилаларга пул маблағлари, янги йил совғалари ва озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатишди.