Уйчи тумани 1-сектор ҳудудидаги 9-мактаб 1988 йилда қурилган бўлиб, 834 ўринга мўнжалланган. Мактаб охирги марта 2009 йили жорий таъмирланган. “Жўрабек қурилиш сервис” МЧЖ томонидан 5 млрд. 526 миллион 455 минг сўм маблағ эвазига капитал таъмирланган мактаб бугун замонавий қиёфа касб этмоқда.
Умумий 2,4 гектар майдонни эгаллаган мазкур билим маскани 2-3 қаватли бешта блокдан иборат бўлиб, бугунги кунда энг замонавий кўринишга келтирилди. Фаоллар зали, ошхона, 12х24, 9х18 ҳажмдаги спортзаллар ҳам мукаммал таъмирланди. Қозонхона, ҳожатхона янгитдан қурилди, канализация, сув тармоқлари тўлиқ янгиланди.
Жорий йилнинг 2 ноябридан 10 декабригача "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси бўйича “Долзарб 40 кунлик”да мазкур мактабда хайрли ташаббусга қўл урилди. Жами мактабда 220 туп турли дарахт мавжуд бўлиб, яна 30 сотих экин майдонига 7 хил турдаги манзарали, 20 хил турдаги мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Жами 652 туп кўчат ўтқазилиб, кўчат ва дарахтлар сони 872 тупга етказилди.
24 ноябрь куни мактабни фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали маросим бўлди. Дастлаб “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” шиори остида нуронийлар ва ёшлар вакиллари акцияда қатнашдилар. Сўнг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бўйича манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Тантанали маросимда туман ҳокими Муҳаммадзокир Маматхонов самимий тилаклар билдириб, бир гуруҳ фаол ёшларга китоблар совға қилди. Мактабни таъмирлашда жонбозлик кўрсатган қурувчиларга эсдалик совғалари топширилди. Шундан сўнг мактабда яратилган шарт-шароитлар, беш ташаббус бўйича ўқувчиларнинг ижод намуналари, тўгараклар фаолияти билан танишилди. Тадбирлар "Уч авлод учрашуви” билан якунланди. Унда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлимининг нуроний ва кекса фахрийлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Т.Исматиллаев, ЎзХДП туман кенгаши раиси Ғ.Жўраев, "Маҳалла" ХЖФ туман бўлинмаси раиси Н.Раҳимов, фахрий А.Нажмиддиновлар қатнашдилар. Улар ўқувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтаришди.







