Уйчи тумани маданият марказида “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида “Ўзбекистон китобхонлар юрти” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.
Уни Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси бош мутахассиси Д.Абдиқахаров очди ва китоб инсоннинг энг яқин дўсти, маслаҳатчиси, ақлнинг чироғи, билим манбаи эканлигини таъкидлади. Шундан сўнг бадиий дастур намойиш этилиб, унда ўқувчи-ёшлар томонидан тайёрланган турли саҳна кўринишлари, миллий рақслар, ватанни ва китобни улуғловчи шеърлар ўрин олди. Тадбирда халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти мудири Н.Дедаханова, ижодкор К.Расуловалар сўзга чиқиб, “Китобхонлик ҳафталиги” тадбирлари кенг миқёсда, фаолликда ўтишига тилак билдирдилар.
Туман АКМ раҳбари Х.Жўраева “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида ўтказиладиган тадбирлар 21 апрелдан 25 апрелга қадар давом этиши, бунда барча жамоат ташкилотлари, ёшларни фаол қатнашишга чақирди. Якунда тадбир ташкилотчилари ва фаол иштирокчилар рағбатлантирилди.






