Уйчи туманидаги  “Эргашбой ота” фермер хўжалиги дала майдонида “Хитой технологияси асосида чигит экишнинг афзалликлари” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси, хусусан, пахтачиликда илмга асосланиш, замонавий агротехнологияларни қўллаш, харажатни минималлаштириш ва даромадни кўпайтириш бугунги куннинг муҳим талаби. Шу нуқтаи назардан жорий йилдан бошлаб  Уйчи туманида 2047  гектар майдонда тажриба тариқасида Хитой технологияси асосида плёнка остига чигит экилиши режалаштирилган. 

Бунинг ўзига хослиги шундаки, чигит экиш, плёнка тўшаш ва томчилатиб суғориш учун шланг ётқизиш ишлари замонавий техника ёрдамида бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу фермерлар учун вақт ва маблағни тежаш имконини беради. Чигит уруғи 5-6 кундан сўнг, анъанавий усуллардан фойдаланиш билан таққослаганда тахминан беш кун олдин униб чиқади. Ҳосилдорлик 50 центнердан ортади.  Семинар давомида мутахассислар томонидан Хитой технологиясини қўллашнинг афзалликлари ҳақида батафсил маълумот ва илмий асосланган тавсиялар берилди. Қатнашчилар экиш жараёнларини ҳам кузатиб борди. 

Семинарда  Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этди ҳамда  мўл, эртаги ва сифатли ҳосил етиштириш учун  шу кунларда чигит экишга киришиш ва бунинг учун барча чора-тадбирларни кўриш зурурлигини таъкидлади.

Уйчи тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.