Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида нутқини тинглар эканман, мени эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимиз янги поғонага кўтарилиши ҳақида фикрлари жуда қувонтирди.
Чунки бугун Ўзбекистон дунёда халқпарвар, инсонпарвар давлат сифатида тилга тушди ва бизга қатор мамлакатлар халқлари ҳавас билан қарамоқда. Масалан олайлик, миллати, тили ва динидан қатъи назар, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг, бутун халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини амалга оширилаётгани сўзимизга яққол далил бўла олади.
Президент ўз нутқида шу тамойил асосда маҳаллий бошқарув органларининг жойларда муаммоларни ҳал этишдаги роли ва масъулиятини янада кучайтириш, бунинг учун келгусида давлат функцияларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказилишини айтиб ўтди. Бу ҳам инсонпарварлик сиёсатининг энг муҳим белгиларидан биридир. Қолаверса, давлат функцияларининг марказдан ҳудудларга ўтказилиши коррупция ҳолатларини олдини олишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Яна бир муҳим ислоҳот ҳақида айтадиган бўлсам, жамият бошқарувининг таянч бўғини бўлган, ислоҳотлар самараси бевосита акс этадиган маҳалла тизимини ҳокимликлар билан боғлаш мақсадида ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилётгани бу жуда катта янгиланиш. Бунда ҳоким ёрдамчиси янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришга масъул этиб белгиланиши жойларда ишсизликни баратарф этиш, аҳолининг реал даромадларини оширишда, камабағалликни қисқартиришда қўл келиши табиий. Барно Мирзамова,Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати






