СОҲА ФИДОЙИЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ
Бугун жойларда янги иш ўринлари сонини кўпайтириш, ишчиларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иш берувчилар билан тенгма-тенг музокаралар олиб боришда касаба уюшмаларининг ўрни ва аҳамияти сезиларли даражада ошди. Наманган вилоятида 10 га яқин тармоқларда 2623 та касаба уюшма ташкилотларига бирлашган 350 мингдан зиёд ходим ва талаба ёшлар мавжуд бўлиб, касаба уюшмалари томонидан уларнинг меҳнат ва ҳуқуқий муносабатлари ҳимояга олинган.Айниқса пандемия шароитида ижтимоий кам таъминланган оилалар, ишчи-ходимлар ҳаётини яхшилаш, турмушини фаровонлаштиришда касаба уюшмалари самарали улуш қўшди. “Аёллар дафтари”ни тизимли йўлга қўйиш ва ижрога қаратишда эса касаба уюшмалари ходимларининг фаолияти эътирофга сазовор. Бу йўналишда тизимли иш олиб бориш мақсадида вилоят штаби ташкил этилиб, ҳар бир туманга 2 нафардан касаба уюшмалари вакилларидан масъуллар бириктирилди. 539 851 нафар аёллар билан суҳбатлашилиб, анкета-сўровномалари тўлдирилди. Икки босқичда жами 71 454 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилиб, 71 090 нафарининг муаммолари тегишли ҳамкор ташкилотлари билан биргаликда ҳал этилди.Шунингдек, Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг бевосита ташаббуси билан вилоятда сув спортини ривожлантириш мақсадида “Океан” сув спорт саройи фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, Касаба уюшмалари Федерациясининг маблағлари эвазига Наманган шаҳридаги 26-сонли Меҳрибонлик уйи биноси мукаммал реконструкция қилиниб, барча шарт-шароитларга эга масканга айлантирилди. Федерация маблағлари ҳисобидан 16 та лойиҳада мингдан ортиқ иш ўринлари яратилди. 2018-2020 йилларда Федерация ташаббуси билан уй-жойлари яроқсиз ҳолга келиб қолган 420 та хонадон таъмирланди, 55 та эҳтиёжманд оилалар учун уйлар қурилиб берилди.Бундай амалга оширилган эзгу ишлар давлатимиз томонидан инобатга олиниб, ўтган йили 11 ноябрь санаси “Касаба уюшмалари куни” деб эълон қилинди. Ушбу кун муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Наманган вилояти Кенгашининг 61 нафар соҳа фидойиларига кўкрак нишонлари топширилди. Уларнинг меҳнатлари эътироф этилиб, ҳар бирларига алоҳида эҳтиром кўрсатилди. Шунингдек, тадбир давомида «Энг яхши сектор раҳбари», «Энг яхши маҳалла раиси», «Касаба уюшмалари Федерацияси лауреати» совриндорлари ҳам тақдирланди.







