Уйчи туманидаги 39-мактабда “Ўқувчиларнинг қишки таътил кунларида бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, мактаб педагогик ходимлари ишларини мувофиқлаштириш” мавзусида вилоят кўргазмали семинари ташкил қилинди.

Эътироф этиш керакки, 618 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган мазкур масканда тизимли иш ташкил қилингани боис кўплаб ютуқларга эришилмоқда. Ўтган ўқув йилида олий таълимга кириш 81 фоиз билан мактаб туманда иккинчи ўринга чиқди. “Ёшлар ва қонун” танловининг республика босқичида мактаб жамоаси 3-, “Турон” мактаб театри туманда 1-ўринни қўлга киритди. Мактаб вилоятда ўтказилган “Энг китобхон мактаб” лойиҳаси совриндори. “Энг фаол китобхон ўқувчи”, “Конституция билимдони” танловларининг вилоят босқичида 10-синф ўқувчилари И.Парпибоева, М.Мирзараҳматова иккинчи ўринларни эгаллашди. Яқинда 11-синф ўқувчиси Азизбек Шарофиддинов белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлди.Юқоридаги каби ютуқлар мактабда дарс машғулотлари билан бирга, фан тўгараклари ҳам тўғри йўлга қўйилганидан. Айниқса, ҳозирги қишки таътил даврида ҳам болалар мусиқа, санъат, спорт, касб-ҳунар, ахборот технологиялари каби тўгаракларга жалб қилиниб, уларнинг бўш вақти мазмунли ўтказилмоқда. Бу семинарда иштирок этган Чортоқ, Учқўрғон, Уйчи туманларидаги мактаб директорлари томонидан ҳам юқори баҳоланди.

Семинарда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи А.Исаков, туман ҳокимининг ўринбосари А.Собировлар қатнашиб, келгусида амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларни белгилаб беришди.