Уйчи туманидаги дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти Наманган илмий тажриба станциясида пахтачилик ва ғаллачиликдаги долзарб вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этиб, терим суръатини бўшаштирмаслик, ҳосилни нест-нобуд қилмай, ёғин-сочинли кунларда қолдирмай йиғиштириб олиш, ғалла экиш ишларини 25 октябрга қадар тугаллаш бўйича соҳа мутасаддилари олдида турган муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Танқидий ва таҳлилий ўтган йиғилиш якунида пахтачиликда юқори натижаларга эришган “Ал Машхад саховат файз”, “Ойбек Аюбхон толаси”, “Абдухалил ота ўғли Анвар”, “Ровот келажак толаси”, “Ривожиддин ота орзулари”, “Абдурайим”, “Даврон Фурқат имкон файз”, “Абдумалик”, “Чорвадор савдо транс”,”Оролобод” фермер хўжаликлари раҳбарларига қимматбаҳо совғалар топширилди.
Маълумот учун, туманда 156 та фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, 21382 тонна пахта қабул қилиниши режалаштирилган. Ҳозиргача 15668 тонна пахта топширилди. Яна 1024 гектар майдонда биринчи терим мавжуд. 6425 гектар майдонда буғдой парваришланиши режалаштирилган. 10 та отряд томонидан ғалла экиш ишлари олиб борилмоқда.







