Тошкент шахрида “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танлови Республика босқичи бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг финал босқичида:

           🥇Жиззах вилояти, Жиззах шаҳри 22-мактаб жамоаси 1-ўринни,

           🥈Наманган вилояти, Чортоқ тумани 53-ИДУМ жамоаси 2-ўринни,

           🥉Тошкент шаҳри, 110-ИДУМ жамоаси 3-ўринни қўлга киритди.

            Маълумки, мазкур кўрик танловда ғолибликни қўлга киритганлар махсус пул мукофоти билан тақдирланади.

            Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 9-центабрдаги 562-сон қарори 2-бандига кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ танловда ғолиб бўлган мактабларни бир марталик пул мукофотлари Республика босқичида қуйидаги миқдорларда белгиланади:

  • 1-ўрин учун — 500 миллион сўм;
  • 2-ўрин учун — 400 миллион сўм;
  • 3-ўрин учун — 300 миллион сўм.

           Ҳақли савол туғилади, хўш мазкур пул мукофоти қандай тақсимланади? Ўқувчиларга ҳам ушбу пулдан улуш тегадими?

           Юқоридаги қарорга 2-иловада тасдиқланган Низомнинг 36-бандига мувофиқ ғолиб мактабнинг буджетдан ташқари жамғармасига ўтказилган маблағлар яъни мукофот суммасининг 25 фоизигача бўлган қисми танловда қатнашиб юқори натижалар кўрсатган терма жамоа аъзолари бўлган ўқувчиларни эсдалик совғалар ёки нақд пул шаклида рағбатлантириш учун йўналтирилади.

           Шунингдек, ушбу бандга кўра ғолиб мактабнинг буджетдан ташқари жамғармасига ўтказилган маблағлар қуйидагича йўналтирилади:

  • танлов шартларига кўра асосий кўрсаткичлар бўйича мактабнинг юқори баҳоланишига ҳисса қўшган ҳамда ўқувчиларни танловга тайёрлаган хорижий тиллар ўқитувчиларини рағбатлантириш учун — мукофот суммасининг 25 фоизигача;
  • мактабнинг бошқа эҳтиёжлари, жумладан, танловнинг кейинги босқичига тайёргарлик учун зарур харажатлар, хорижий тилларни ўқитишни янада яхшилаш учун шарт-шароитлар яратиш, мактаб кутубхонасини хорижий тилдаги илмий, бадиий адабиётлар билан бойитиш, ўқувчиларнинг хорижий тилда тинглаб тушуниш кўникмаларини баҳолашга кўмаклашувчи техник воситалар билан фан кабинетларини жиҳозлаш учун — мукофот суммасининг қолган қисми.

С.Сатимов,

Чортоқ туман адлия бўлими Юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсулти