Агар ходим вақтинча бошқа ишга ўтказиладиган бўлса, бошқа ишга ўтказиш ҳақидаги буйруқда унинг бошқа ишда бўлиш муддати албатта белгиланиши шарт.
Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, агар буйруқда муддат белгиланмаса, бу амалиётни вақтинча бошқа ишга ўтказиш деб бўладими.
Хўш, вақтинча бошқа ишга ўтказишда муддатлар қандай белгиланади?
Меҳнат кодексининг 139-моддасида ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказиш муддати қайси воситалар билан белгиланиши мумкинлиги кўрсатилган.
☝️Ушбу моддага кўра, эътибор беринг, вақтинча бошқа ишга ўтказиш қуйидагилар воситасида белгиланади:
➖вақтинча ўтказишнинг умумий давомийлигини кунлар, ойлар, йиллар билан кўрсатиш орқали (масалан, 30 кунлик муддатга, олти ой муддатга, бир йил муддатга);
➖қайси ишга ўтказиш амалга оширилган бўлса, ўша ишни бажариш бошланадиган календарь санани ва ўтказиш муддати тугайдиган календарь санани кўрсатиш орқали (масалан, 2024 йил 16 апрелдан 2024 йил 16 августга қадар, 2024 йил 4 январдан 2024 йил 31 декабрга қадар);
➖бошқа ишга ўтиш муддати қайси ҳодисанинг юз бериши билан тугайдиган бўлса, ўша ҳодисани аниқлаш орқали (масалан, “А” объектдаги қурилиш пудрат ишлари якунлангунига қадар, ёки Усмонова Наргизанинг боласи уч ёшга тўлгунигача бола парваришлаш таътилидан қайтгунига қадар ва ҳоказо).З.Султонова,Чортоқ тумани адлия бўлими ЮХКМ бош юрисконсульти.






