Яқин кунларда республикамизда, жумладан, вилоятимизда аҳолини рўйхатга олиш амалиёти бошланади. Хўш бу амалиёт нима учун керак? Аҳолини рўйхатга олиш натижасида республика ва ҳудудларни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқиш имконияти кенгаяди. Шунингдек, миллий барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш кўрсаткичларини шакллантириш ва мониторингини юритиш, халқаро ташкилотлар ва фойдаланувчилар таҳлиллари учун кенг қамровли ахборотлар манбаи яратилади.Аҳолини рўйхатга олиш жараёни уч босқични қамраб олади.Биринчиси – тайёргарлик босқичи бўлиб, уч йил давом этади.Бу жараёнда энг муҳими, аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, логотип ва шиорлар ишлаб чиқиш ҳамда аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳужжатлар, жумладан, рўйхатга олиш варақалари, рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини эълон қилиш методологиясини ишлаб чиқиш каби тадбирлар амалга оширилади.Иккинчиси – асосий босқич. Бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва рўйхатга олиш материаллари топширилади. Мазкур жараён тахминан икки ой давом этади.Аҳолини рўйхатга олиш тадбири анъанавий усулда, яъни рўйхатга олувчи шахслар томонидан ҳудудларда уймай юрган ҳолда, юзмаюз суҳбат асосида, қоғоз шаклидаги рўйхатга олиш варақаларини тўлдириш орқали амалга оширилади. Сўнгги босқичда эса олинган маълумотлар кодлаштириш ёрдамида таҳлил этилиб, натижалар расман эълон қилинади. Рўйхатга олиш жараёнида тўпланадиган статистик маълумотлар ягона электрон ахборот тизимига киритилади. Шу ўринда рўйхатга олувчиларни танлаш масаласи ҳам ниҳоятда муҳим. Чунки маълумотларнинг тўғрилигига улар бевосита масъул. Бу жараёнга жалб этиладиган ходимлар турли ёшда ва ҳар хил касб эгалари бўлиши мумкин. Биринчи навбатда, Статистика агентлиги ва унинг вилоят, шаҳар ва туман бўлимлари ходимлари, шу йўналишида таҳсил олаётган талабалар, магистрлар, шунингдек, таянч докторантлар жалб этилиши мақсадга мувофиқ.Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга ҳамда маълумотларни қайта ишлашга жалб этилган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш махсус ишлаб чиқилган ва тасдиқланган нормативлар асосида амалга оширилади. Жараённи давлат бюджети маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштириш кўзда тутилган.Амалдаги меъёрий ҳужжатларга биноан, якуний маълумотлар уч тилда (ўзбек, рус ва инглиз тилларида) эълон қилиниши белгиланган. Якунда аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки ва якуний маълумотлари архивда сақлаш учун тайёрланади.