Меҳмон академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институтнинг Наманган илмий тажриба станциясида ташкил этилган “Инвитро”лабораторияси фаолияти билан танишди.

Мазкур лаборатория Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги билим ва инновациялар тизими учун Европа иттифоқининг гранти асосида жаҳон банки ва қишлоқ хўжалиги вазирилиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси мева, сабзавотчилик тармоғини ривожлантириш лойиҳаси доирасида Европа иттифоқи кўмагида 400 минг АҚШ доллар маблағ эвазига қурилиб, жиҳозланди.

Лойиҳанинг мақсади лабораторияда данак мевалиларнинг пакана ва ярим пакана пайвандтаглари ҳамда кўчатларини инвитро шароитида микроклонал кўпайтириш ва ишлаб чиқаришга жорий қилишдир. Иссиққа, совуққа ва қурғоқчиликка мослашувчан ҳамда генетик жиҳатдан бир хилдаги импорт ўрнини босувчи пайвандтаглар етиштирилади. Қисқа муддат ичида интенсив боғлар учун минглаб пакана ва ярим пакана пайвандтаглар етказиб берилади. Мева етиштириш ва экспорт ҳажми 15-25 фоизга ортади. Кўчат етиштириш ҳажмини 25 фоизга оширади. Мавсум ва об-ҳаво шароитларига боғлиқ бўлмаган ҳолда исталган вақтда ва исталган миқдорда пайвандтаг етиштириш имконини беради.

Тадбирда академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти директори Улуғбек Абдуғаниев, Наманган илмий тажриба станцияси директори Абдуғани Турдиев, Уйчи тумани ҳокими Муҳаммадзокир Маматхоновлар иштирок этдилар.